Бугун 12 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Тартиббузар ўқувчиларни синфдан куч ишлатиб чиқаришга рухсат берилиши мумкин

Тартиббузар ўқувчиларни синфдан куч ишлатиб чиқаришга рухсат берилиши мумкин

Данияда ўқитувчиларга тартиббузар ўқувчиларни синфдан куч ишлатиб чиқаришга рухсат берилиши мумкин.

Дания ҳукумати ўқитувчиларнинг ўқувчилар билан боғлиқ низоларга жисмоний аралашиш ҳуқуқини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини парламентга киритди. Агар ҳужжат маъқулланса, 2027 йил августидан бошлаб педагоглар дарсга жиддий халақит бераётган, бошқаларни камситаётган, мол-мулкка зарар етказаётган ёки хавф туғдираётган ўқувчини ушлаб туриши ёки унинг хоҳишига қарши бошқа хонага олиб чиқиши мумкин бўлади.

Ҳозирги қоидаларга кўра, жисмоний куч ишлатишга асосан бевосита хавфнинг олдини олиш учун рухсат берилган.

Дания таълим вазири Магнус Хойнике жисмоний аралашув энг сўнгги чора бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўқитувчи аввало вазиятни юмшоқроқ усуллар билан ҳал қилишга ҳаракат қилиши шарт. Жисмоний аралашув эса имкон қадар қисқа ва эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши лозим.

«Зарур бўлган хавфли вазиятда аралашгани учун бирор бир ўқитувчи ишдан бўшатилишдан қўрқмаслиги керак», — деди вазир.

Ҳукумат ислоҳот заруратини мактабларда зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани билан изоҳламоқда. Таълим вазирлиги тадқиқотига кўра, ўқитувчиларнинг чорак қисмидан кўпроғи сўнгги йилларда тажовузкор хатти-ҳаракатлар кўпайган деб ҳисоблайди. Тахминан ҳар бешта синфдан бирида зўравонлик педагогларга нисбатан ҳам содир бўлган.

Қонун лойиҳаси танқидчилари эса ўқитувчиларнинг ваколатларини кенгайтириш низоларнинг янада кескинлашишига ва ўқувчилар билан педагоглар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Киритилди: 18:25 11.10.2026. Ўқилди: 613 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!