Бугун 9 октябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

UzAutoMotorsʼни сотиб олишга учта давлатдан харидор чиқди

UzAutoMotorsʼни сотиб олишга учта давлатдан харидор чиқди

Компанияни харид қилиш масаласида АҚШ, Жанубий Корея ва Хитой компаниялари қизиқиш билдирган.

Учта хорижий давлат инвесторлари UzAuto Motors компаниясини сотиб олишга қизиқиш билдирди. Бу ҳақда 8-октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, хусусийлаштиришга тайёргарлик доирасида халқаро консультант Alvarez & Marsal танлов асосида жалб қилинган. Бунинг сабабини у компаниянинг дунё автосаноатида йирик битимларни имзолашдаги иштироки ҳамда тажрибали мутахассисларга эгалиги билан изоҳлади.

Муродов ҳозирда агентликка UzAuto Motors ва UzAuto Powertrain компанияларини сотиб олиш бўйича таклифлар келиб тушаётганини қайд этди. Хусусан, АҚШ, Жанубий Корея ва Хитойдан инвесторлар қизиқиш билдирган.

Давактив раҳбари бу қизиқишлар муайян компанияга актив сотилиши ҳақида қарор қабул қилинганини англатмаслигини таъкидлади. UzAuto халқаро очиқ савдо орқали хусусийлаштирилади.

«Бу ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Чунки бу бизнинг рақобат шароитида хусусийлаштиришни амалга оширишимизга салбий таъсир қилиши мумкин. Бу орқали бошқа иштирокчиларга нотўғри сигнал бориши мумкин. Хусусийлаштириш битта компанияга қаратилмаган, бу очиқ, халқаро савдо бўлади», — деди у.

Соҳибжон Муродовнинг сўзларига кўра, ҳозирда хусусийлаштириш стратегиясидан келиб чиқиб, савдоларни ташкил этишга қаратилган сценарий ишлаб чиқилмоқда.

Дастлабки босқичда инвесторларнинг қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалари (ЭоИ) олинади, ундан кейин мажбуриятга эга бўлмаган (НБО) ва кейинчалик мажбурий таклифлар олинади. Энг яхши таклиф берган инвестор билан давлат томонидан белгиланган шартлар асосида музокаралар олиб борилади.

«Яхши маълумки, лицензия шартлари ва улар муддати бор, альянс шартномаси ва бир қатор шартлар мавжуд. Буларнинг барчаси эълон қилинадиган шартлардир. Улар асосида мулоқотга ўтилиб, сотув жараёнлари эълон қилинади», — деди Соҳибжон Муродов.

Сентабр ойида DABA UzAuto Motors хусусийлаштирилиши очиқ ва рақобатбардош асосда ўтишини маълум қилган эди.

Гап UzAuto Моторсънинг 99,7% и ва UzAuto Motors Поwертраинънинг 100% улушини сотиш ҳақида бормоқда.

«Автострада» нашри маълумотларига кўра, «Ўзавтосаноат» ва General Motors ўртасидаги битим 2017 йилнинг октабр ойида 10 йил муддатга имзоланган. Келишув доирасида UzAuto Motors GM моделларини ишлаб чиқариш лицензияси, Chevrolet брендидан фойдаланиш ҳуқуқи ва компания технологияларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Мазкур келишувнинг амал қилиш муддати 2027 йилда тугайди.

Киритилди: Бугун 01:00. Ўқилди: 552 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!