Бугун 12 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Кеча Андижонда содир бўлган оғир йўл-транспорт ҳодисасида 3 та фуқаро вафот этди

Кеча Андижонда содир бўлган оғир йўл-транспорт ҳодисасида 3 та фуқаро вафот этди



Ижтимоий тармоқларда тарқалган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

2026 йил 10 октябрь куни соат 09:40 ларда Булоқбоши тумани «Нефтчилар» МФЙ, Кончилар кўчасида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, «Нефтчилар — Кулла» йўналишида ҳаракатланаётган, 1978 йилда туғилган Ў.А. бошқарувидаги тупроқ ортилган «HOWO» русумли юк автомашинаси тормоз тизимидаги носозлик сабабли бошқарувни йўқотган. Оқибатда юк автомашинаси қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган «Cobalt», «Nexia», «BYD Song Plus» ва «Nexia-2» русумли автомашиналар, шунингдек, йўлнинг ўнг томонида тўхтаб турган «Nexia-3», «Damas» ва «Matiz» русумли транспорт воситалари билан тўқнашган. Ҳодиса оқибатида кўча бўйида жойлашган дўконларга ҳам зарар етган.

Ачинарлиси, ушбу ЙТҲ оқибатида 3 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. «HOWO» русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси ва яна 3 нафар фуқаро турли тан жароҳатлари билан туман шифохонасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлаш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Ҳайдовчилардан транспорт воситаларининг техник созлигига жиддий эътибор қаратиш, айниқса, тормоз тизимида носозлик мавжуд бўлган транспорт воситасини бошқармаслик сўралади. Зеро, йўлдаги биргина носозлик ва эътиборсизлик инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

Киритилди: 14:50 11.10.2026. Ўқилди: 1121 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!