Бугун 25 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Таиланд мамлакатдан чиқиш солиғини жорий этишни кечиктирди

Таиланд мамлакатдан чиқиш солиғини жорий этишни кечиктирди

Таиланд Молия вазирлиги туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатдан чиқаётган фуқаролар ва сайёҳлардан 1 000 бат (қарийб 30 доллар) миқдорида солиқ ундириш режасини кечиктиришга қарор қилди. Бу ҳақда The Nation Thailand хабар берди.

Молия вазири Экнити Нититханпрапаснинг таъкидлашича, вазирлик яқин келажакда янги йиғим жорий этмасликка қарор қилган. Чунки қўшимча харажатлар туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Расмийлар йилнинг тўртинчи чорагида ҳам сайёҳлар оқимини сақлаб қолишни режалаштирмоқда.

Чиқиш солиғини жорий этиш кечиктирилишининг яна бир сабаби Яқин Шарқдаги можаро фонида энергия нархларининг ошишидир. Бу авиакомпаниялар ва саёҳатчиларнинг харажатларини янада кўпайтириши мумкин. Аввалроқ Таиланд ҳукумати фуқаролигидан қатъи назар, хорижга учадиган йўловчилардан 1 000 бат (29,7 доллар) миқдорида солиқ ундиришни таклиф қилганди. Ушбу йиғимни авиачипталар нархига киритиш режалаштирилган.

Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 30 сентябрда бошланган ва 29 октябрда якунланиши режалаштирилган. Молия вазирлиги кечиктириш Таиландга кираётган сайёҳлардан 450 бат (тахминан 13,3 доллар) миқдорида йиғим ундириш таклифга таъсир қилмаслигини таъкидлади.

Аввалроқ, Таиландга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларининг электрон виза аризалари амалда ўртача 15 кунда тасдиқланаётгани маълум қилнганди. Электрон виза олиш учун топширилган аризаларни кўриб чиқиш муддати 10 кундан ошмаслиги белгиланган. Бироқ амалда визани тасдиқлаш ҳақидаги хабар йиғим тўланганидан кейин ўртача 15 кун ичида ариза берувчининг электрон почтасига юборилмоқда.

Киритилди: 13:10 23.10.2026. Ўқилди: 598 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!