Дамашқ Саудия Арабистони, Туркия ва Покистонни бирлаштирувчи Макка мудофаа иттифоқига қўшилиш имкониятини муҳокама қилмоқда.
Бу ҳақда Сурия ташқи ишлар вазири Асаад Ҳасан аш-Шайбоний Баҳрайнда бўлиб ўтган IISS Manama Dialogue конференциясида маълум қилган.
«Айни пайтда Суриянинг Макка иттифоқига қўшилиш имкониятини баҳолаш мақсадида муҳокамалар олиб борилмоқда», — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда минтақадаги ҳеч бир давлат ўз хавфсизлигини мустақил равишда таъминлай олмайди. Аш-Шайбоний Форс кўрфази хавфсизлиги Сурия жойлашган минтақанинг умумий хавфсизлигининг бир қисми эканини таъкидлади. Шунингдек, Дамашқ чегаралараро фаолият юритувчи қуролли гуруҳларга қарши курашда Кўрфаз давлатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Маккадаги ўзаро мудофаа тўғрисидаги келишув 7 август куни имзоланган. Ҳужжатга кўра, иштирокчи давлатлардан бирига қилинган ҳужум барча аъзо давлатларга қилинган ҳужум сифатида баҳоланади.
Келишув мудофаа вазирлари, ташқи ишлар вазирлари ва Бош штаб раҳбарлари иштирокидаги механизмларни яратиш ҳамда энг юқори даражадаги мувофиқлаштирувни йўлга қўйишни назарда тутади.
Ҳамкорлик дастлаб қўмондонлик-штаб ва дала ўқув машғулотлари орқали бошланади. Кейинги босқичларда эса қуруқликдаги, денгиз ва ҳаво кучлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ҳамда учувчисиз тизимлар иштирокидаги қўшма ҳарбий машғулотларга айланади.