"Техасдаги Starbase космодромида режалаштирилган статик синов пайтида SpaceX компаниясининг Starship 36 космик кемаси ҳалокатли аварияга учраб, портлаб кетди", дея хабар берди маҳаллий ҳокимият.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ, воқеа юзасидан суриштирув ўтказилиши айтилган. Маҳаллий аҳолига учириш майдонига яқинлашмаслик тавсия этилди.
SpaceX компанияси баёнотига кўра, кема ўнинчи синов парвозига тайёрланаётган пайтда синов майдончасида “жиддий аномалия” юз берган.
"Бутун операция давомида майдон атрофида хавфсиз зона таъминланди, барча ходимлар хавфсиз жойда, ҳеч ким жабрлангани йўқ", — деб ёзди SpaceX Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Дунёнинг энг йирик космик ракетаси бўлган Starship'нинг аввалги, яъни тўққизинчи синов парвози ҳам муваффақиятли бўлмаган эди. Ўшанда учиришдан тахминан ярим соат ўтгач, Starship'нинг иккинчи босқичи устидан назорат йўқолганди.