Сомалининг Данаб махсус кучлари бўлинмалари мамлакат жанубидаги Кисмаё порти яқинидаги Макокаха ҳудудида ўтказган рейд давомида "Аш-Шабоб" террорчилик гуруҳининг 37 нафар жангарисини йўқ қилди.
Бу ҳақда Somali Guardian портали хабар берди.
Операция давомида террорчилар биринчи навбатда ўз раҳбарлари учун бошпана сифатида фойдаланган эр ости бункерлари портлатилган. Сомали разведкаси маълумотларига кўра, жиноятчилар мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш учун ҳаракатлар тайёрлаган. Портловчи моддалар ўрнатилган бир қанча юк машиналари қўлга олинди.
Сўнгги пайтларда, деб қайд этади портал, Сомали ҳукумати террорчиларга қарши ҳарбий амалиётларни сезиларли даражада кучайтирди. Жорий йил бошида Сомали президенти Ҳасан Шайх Моҳамуд “Аш-Шабоб”га қарши “тўлиқ уруш” олиб боришга ваъда берган эди. Миллий армияни маҳаллий милиция ва Африка Иттифоқи қўшинлари қўллаб-қувватлайди.