АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Дэвид Раш давлат маблағларидан қарийб 200 миллион долларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганини тан олди. Унинг уйидан тинтув вақтида 298 та олтин қуймаси топилган.
49 ёшли Раш сохта шартномалар ва кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар орқали ноқонуний даромад орттирган. У ўзлаштирилган пулларга Флорида жанубидан қимматбаҳо уй-жойлар сотиб олган.
Тергов маълумотларига кўра, Раш 2025 йил ноябридан 2026 йил мартигача хизмат харажатлари баҳонасида катта миқдордаги хорижий валюта ва ўнлаб миллион долларлик олтин қуймаларини талаб қилган.
Шунингдек, у хорижий давлат вакилига махфий маълумотларни узатганини ҳам тан олган. Прокурорлар бу ҳолат АҚШ миллий хавфсизлигига жиддий зарар етказиши мумкинлигини билдирган.
Келишувга кўра, Раш давлатга етказилган зарарни қоплаши ҳамда жиноят билан боғлиқ кўчмас мулк, автомобиллар, соатлар ва бошқа мол-мулкларини топшириши керак.