Швейцария Федерал жиноят суди 27 апрель куни Гулнора Каримовага нисбатан юритилаётган жиноят ишини расман тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Судья қарорни “барқарор тўсиқ” мавжудлиги билан изоҳлади: айбланувчининг суд мажлисида шахсан иштирок этиш имконияти йўқлиги жараённи давом эттириш учун ҳуқуқий асос қолдирмаган.
Суд жараёни Беллинцона шаҳрида бошланган бўлсада, Гулнора Каримова 2014 йилдан буён Ўзбекистонда ҳибсда сақланмоқда. Ўзбекистон ҳукумати уни 2028 йил декабргача (жазо муддати тугагунча) мамлакатдан чиқаришга рози эмас. Айбловлар бўйича даъво муддати ҳам 2028 йилда тугайди. Шу сабабли, Швейцария суди ишни узоқ вақт кутиб туриш имконига эга эмас.
Шуни таъкидлаш керакки, иш фақат Каримованинг шахсий қисми бўйича тўхтатилди. Швейцариянинг “Lombard Odier” банки ҳамда унинг собиқ ходимига қарши пул ювиш бўйича суд жараёни эса давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова “The Office” деб номланган тармоқ орқали 2005–2013 йилларда телеком компаниялардан пора олиб, юзлаб миллион долларни Швейцария банкларига ўтказганликда айбланган.