Словакия Россия газини импорт қилишни босқичма-босқич тақиқлаш қароридан норози бўлиб, Европа Иттифоқи Адлия судига даъво киритди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги маълум қилди. Ташқи ишлар ва Европа ишлари вазири Юрай Бланар 26 апрель куни бундай қадам ташлаш ниятини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, Словакия муқобил энергия манбаларига чекланган кириш имконияти сабаб Россия газидан воз кечишга тайёр эмас. Европа Иттифоқи режасига кўра, Россиянинг суюлтирилган табиий газини импорт қилиш 2027 йил 1 январгача, қувур орқали етказиб бериш эса 2027 йил 30 сентябргача босқичма-босқич тўхтатилади. Маълумот учун, Венгрия ҳам ушбу ташаббусга қарши чиқиб, 2026 йил бошида Европа Иттифоқи Адлия судига шунга ўхшаш даъво билан мурожаат қилган.