Россияга нисбатан қаттиқ позицияси билан танилган Эстония раҳбари ҳам Москва билан мулоқотни тиклаш зарурлигини кун тартибига олиб чиқди. Эстония президенти Алар Карис Европани Украинадаги можаро тугаши мумкин бўлган ҳолатга ва Россия билан кейинги мулоқотга олдиндан тайёргарлик кўришга чақирди.
Эстония президенти, шунингдек, Европа Иттифоқининг Россия билан музокаралар бўйича махсус вакилини тайинлаш ғоясини ҳам қўллаб-қувватлаган.
Россия билан мулоқотни қайта йўлга қўйиш ҳақида сўнгги ойларда бошқа Европа раҳбарлари ҳам гапирди. Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Владимир Путин билан алоқаларни қайта тиклаш бўйича техник тайёргарлик кетаётганини маълум қилган.
Европадан ташқари, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Россия ва Украина раҳбарлари билан мулоқот олиб бораётганини айтди.