Бугун 28 апрель, 2026 йил, сешанба

O'ZB

"Гулнора Каримованинг Швейцария судида тўлиқ оқланишига эришмоқчимиз"

"Гулнора Каримованинг Швейцария судида тўлиқ оқланишига эришмоқчимиз"

Швейцария Федерал жиноят судида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага доир иш бўйича суд жараёни бошланди.

Иш Тичино кантонидаги Беллинсона шаҳрида сиртдан кўриб чиқилмоқда. Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжанинг РИА Новостига маълум қилишича, у суд мажлисида шахсан иштирок этишни хоҳлаган, бироқ Ўзбекистондан чиқиш учун рухсат олмаган.

Швейцария прокуратураси Каримовани пул ювиш, коррупция, маблағларни мақсадсиз ишлатиш ва “Офис” номи билан танилган жиноий тузилмага раҳбарлик қилишда айбламоқда. Маълумотларга кўра, ишда Женевадаги "Lombard Odier" хусусий банки ва унинг собиқ ходими ҳам фигурант сифатида тилга олинган. Каримова ва банк айбловларни рад этган.

Швейцария томони версиясига кўра, “Офис” тузилмаси орқали халқаро телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш учун пора олинган ва бу маблағларнинг бир қисми Швейцариядаги ҳисобрақамлар орқали ўтказилган. "Swissinfo" нашрининг ёзишича, ишда 30 тага яқин банк ҳисобрақами, кўчмас мулк, компаниялар ва банк сейфлари ҳақида сўз боради.

Адвокат Грегуар Манжа Каримованинг Швейцариядаги суд жараёнида қатнашиш имконияти чекланганини билдирган. У, шунингдек, БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи хулосасига таянган. Шу билан бирга, Ўзбекистон томони аввалроқ Каримова иши бўйича суд қарорлари қонун ва далиллар асосида чиқарилганини билдирган эди.

Манжанинг фикрича, Каримовани ҳимоя қилиш жараёни унинг Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаётгани ҳамда Швейцария прокуратураси уни давлат амалдори сифатида квалификация қилишга уринаётгани сабаб мураккаблашмоқда. Адвокатлар унинг тўлиқ оқланишига эришиш ниятида эканини билдирган.

AP хабарига кўра, суд жараёни 22 майгача давом этиши белгиланган. "Reuters" эса "Lombard Odier" баёнотига таяниб, тингловлар май ойи охиригача давом этиши, қарор кейинги ойларда чиқиши мумкинлигини ёзди.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда бир нечта жиноят иши бўйича судланган. 2020 йилда унинг қамоқ жазоси 13 йил-у 4 ойга узайтирилган эди. У ҳозирда Тошкент вилоятидаги аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда.

Киритилди: Бугун 12:30. Ўқилди: 944 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!