Швеция ҳукумати кузги ўқув семестридан бошлаб бошланғич мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишга умуммиллий тақиқ жорий этади, деб хабар беради АЗЕРТАДЖ.
Ўқувчилар ўқув куни бошланганда телефонларини топшириб, дарс тугаганидан кейин қайта олади.
Тақиқ кенгайтирилган гуруҳларга ва очиқ форматдаги мактабдан ташқари тадбирларга ҳам тааллуқли бўлади. Аммо ўқув мақсадларида ёки алоҳида ҳолатларда телефондан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин.
Ҳукумат вакилларининг фикрича, барча мактаблар учун ягона тақиқ жорий этиш тинч ва қулай ўқув муҳитини яратишга ҳамда ўқувчиларнинг эътиборини чалғитувчи омилларни камайтириш учун зарур.
Таълим вазирлигининг айтишича, ўқув куни давомида ўқувчилар дарсга тўлиқ эътибор қаратиши лозим, танаффус пайтида эса дўстлари билан мулоқот қилиб, масалан, футбол ўйнаш ёки китоб ўқиш имкониятига эга бўлиши керак.
Қонунчиликдаги ўзгаришларни 1 августдан кучга киритиш режалаштирилган.
Ҳукуматнинг маълумотига кўра, мактабларнинг кўпчилиги бундай чекловларни қисман қўллаб келган, аммо умуммиллий қарор бу тажрибани қонун йўли билан мустаҳкамлашни кўзлайди.
Таълим вазири Симона Мохамссоннинг айтишича, мобил телефонга тақиқ қўйиш телефондан фойдаланиш маданиятини ўзгартиришга, шунингдек, болалар ва ота-оналарга телефонда ўтказадиган вақтни қисқартиришга ёрдам бериши мумкин.
Тадқиқотларга кўра, швед ёшлари ўқув вақтидан ташқари даврда телефонда кунига тахминан етти соатга яқин вақт ўтказади. Бу ҳолат рақамли қурилмаларнинг ўқув жараёни ва соғлиққа таъсирига оид ҳокимиятнинг ташвишини кучайтирмоқда.