Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 1-тур учрашувлари якунланди. Ўзбекистон номидан қатнашayotgan учта эркаклар ва учта аёллар жамоасининг барчаси мусобақани ғалаба билан бошлади.
Эркаклар ўртасида Ўзбекистон-1 Ямайкани 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов ўз партияларида ғалаба қозонди.
Ўзбекистон-2 Афғонистондан 3:1 ҳисобида устун келди. Абдумалик Абдисалимов, Муҳаммадзоҳид Суяров ва Ортиқ Ниғматов жамоага очко келтирган бўлса, Ҳумоюн Бегмуротов ўз партиясида мағлубиятга учради.
Ўзбекистон-3 эса Малини 3,5:0,5 ҳисобида енгди. Алмас Раҳматуллаев, Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Асроржон Омонов ғалаба қозонди, Саидакбар Сайдалиев эса Бакари Траоре билан дуранг ўйнади.
Аёллар баҳсида ҳам Ўзбекистон жамоалари муваффақиятли старт олди. Ўзбекистон-1 Тринидад ва Тобагони 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиева ва Гулдона Каримова ўз партияларини ғалаба билан якунлади.
Ўзбекистон-2 Тогони 3:1 ҳисобида таслим этди. Маржона Маликова мағлуб бўлган бўлса, Мадинабону Ҳалилова, Асал Салимова ва Мумтозбегим Мансурова ғалаба қозонди.
Ўзбекистон-3 эса Танзания устидан 4:0 ҳисобида ишончли зафар қучди. Зилола Актамова, Мафтуна Бобомуродова, Шоҳина Аҳмедова ва Барчиной Шокиржонова рақибларини мағлуб этди.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг шахмат олимпиадасида иштирок этаётган барча 6 жамоаси биринчи турни ғалаба билан якунлади.
Маълумот учун, Самарқанд мезбонлик қилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида жами 400 та жамоа — эркаклар ўртасида 208 та, аёллар баҳсида 192 та жамоа иштирок этмоқда. Мусобақа 16–27 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.