Бугун 12 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

“Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди

“Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди

Ўзбекистонда “Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 9 октябрдаги қарорида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, кўкрак нишони билан мамлакатда саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшган шахслар тақдирланади.

Шунингдек, янги иш ўринларини яратиш, етук мутахассисларни тайёрлаш, соҳада фидокорона меҳнат қилиш ва юқори натижаларга эришиш ҳамда ижтимоий фаоллиги билан намуна бўлаётган маҳаллий ва хорижий инвесторлар, тадбиркорлар ва соҳа ходимлари ҳам мукофотланиши мумкин. Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳам тақдирлашга рухсат этилади.

Белгиланган тартибга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар йили 10 майга қадар саноатнинг турли соҳаларига масъул республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан номзодлар бўйича тақдимномаларни қабул қилади.

Тақдимномага номзоднинг маълумотномаси, шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва сўнгги беш йил давомида саноат соҳасидаги тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти акс эттирилган тавсифнома илова қилинади.

Номзодларни кўриб чиқиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида комиссия ва ишчи гуруҳ ташкил этилади. Комиссия таркибига саноат корхоналари вакиллари, етакчи мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари киритилиши мумкин.

Ишчи гуруҳ ҳужжатларни ўрганиб, ҳар йили 1 июнга қадар энг муносиб номзодлар бўйича хулоса тайёрлайди. Комиссия эса 10 июнга қадар тақдирланадиган шахслар юзасидан қарор қабул қилади. Кўкрак нишони Иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи билан берилади ва ҳар йили 27 июнь — Халқаро саноат ходимлари куни арафасида тантанали равишда топширилади. Тақдирланганларга тегишли гувоҳнома ҳам берилади.

Бир шахс ушбу кўкрак нишони билан фақат бир марта мукофотланиши мумкин. Нишон давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади. Қарорга мувофиқ, мукофотни тайёрлаш ва тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг буджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Киритилди: 04:00 11.10.2026. Ўқилди: 848 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!