Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчи қизларининг бир йигит сабабли жанжаллашгани акс этган видео тарқалиб, кўплаб салбий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.
Айтилишича, бошқарма томонидан ўрганишлар олиб борилган. Ўрганишлар натижасига кўра, видеодаги жабрланувчи ўқувчи Иштихон туманидаги 15-умумтаълим мактабининг 7-синфида, уни калтаклаган ўқувчи қиз эса шу тумандаги 74-умумтаълим мактабининг 10-синфида таҳсил олади.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳар иккала ўқувчи билан мактаб амалиётчи психологлари, маҳалла хотин-қизлар фаоли ва мактабларга бириктирилган инспектор-психологлар томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилган.
Шунингдек, ҳолат туман ИИБ томонидан назоратга олиниб, зўравон ўқувчи қизнинг ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси, биринчи қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.