Айни кунларда Франция пойтахти Париж шаҳрида IX Париж тинчлик форуми бўлиб ўтмоқда. «Суверенитетдан ҳамкорлик сари» шиори остида ташкил этилган халқаро анжуман давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти намояндаларини бир майдонга жамлади.
Форумда замонавий дунё олдида турган мураккаб муаммолар, халқаро хавфсизлик, тинчликни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилмоқда.
Анжуманнинг алоҳида эътиборга молик йўналишларидан бири болаларнинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва фаровон келажагига бағишланган. Хусусан, форум доирасида Болалар саммити ҳам ташкил этилган бўлиб, унда таълим олиш имкониятлари, соғлиқни сақлаш, тўғри овқатланиш, рақамли муҳит ва сунъий интеллектнинг болалар ҳаётига таъсири каби долзарб масалалар кун тартибидан ўрин олган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам ўз саҳифасида форумдаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Унинг қайд этишича, анжуманда иштирокчиларнинг болалар тақдирига ва Самарқандда кўтарилган масалаларга жиддий эътибор қаратаётганини ҳис қилиш мумкин.
«Париж тинчлик форумида кўпчиликни болалар тақдири ва Самарқандда биз кўтарган масалалар чиндан ўйлантираётганини ҳис қилдим. Аслида тинчлик дегани — ҳар бир боланинг қаерда ва қандай оилада туғилганига қарамай, хотиржам ўқиши, бехавотир улғайиши ва ўз келажагига ишонишидир», — деб ёзди Саида Мирзиёева.
Ушбу фикрлар тинчлик тушунчасига фақат давлатлар ўртасидаги уруш ва низоларнинг йўқлиги сифатида эмас, балки инсон учун муносиб ва хавфсиз ҳаёт шароитларини таъминлаш нуқтаи назаридан қараш зарурлигини яна бир бор кўрсатади.
Зеро, бола қаерда туғилгани, оиласининг ижтимоий аҳволи ёки яшаш ҳудудидан қатъи назар, таълим олиш, соғлом улғайиш, зўравонлик ва камситишлардан ҳимояланиш ҳамда ўз орзулари сари интилиш имкониятига эга бўлиши керак.
Самарқандда кўтарилган масалаларнинг халқаро майдонда муҳокама этилиши эса болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш борасидаги ташаббуслар кенгроқ мулоқот доирасига кириб бораётганини англатади.