Бугун 12 ноябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Лавров Европа вакиллари устидан кулди

Лавров Европа вакиллари устидан кулди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Абу-Дабига келган Европа вакилларининг Украина бўйича музокараларда иштирок эта олмаганини масхара қилди. Бугун у ерда АҚШ, Россия ва Украина делегациялари ўртасида урушни якунлаш масаласи бўйича музокаралар бошланди. Европа давлатлари ҳам ўз вакилларини БААга юборган бўлса-да, улар учрашувларда бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлмади.

«Европаликларнинг иштирокига келсак, Абу-Дабига учиб келишибди, майли, меҳмонхонада ўтиришаверсин», — деди Лавров Москвадаги матбуот анжуманида.

Вазирнинг сўзларига кўра, америкалик музокарачилар Россия томонини европаликлар билан алоҳида маслаҳатлашувлар ўтказиш нияти ҳақида олдиндан хабардор қилган.

Лавров Европа томонидан таклиф этилган ўт очишни тўхтатиш ташаббусини ҳам рад этди. Унинг фикрича, бундай танаффус Украинага ўз қуролли кучларини қайта тиклаш имконини беради.

«Кейин нима бўлишини тушунмасдан туриб, навбатдаги сулҳга ёки ўт очишни тўхтатишга, бу қандай номланишидан қатъи назар, рози бўлмаймиз», — деди Россия ташқи ишлар вазири.

Музокаралар ўтказилаётган Абу-Дабига Германия, Буюк Британия, Франция, Италия, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари ҳам келган. Бироқ улар асосий муҳокамаларга жалб этилмаган.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг билдиришича, ҳозирча Европа ҳамкорларига музокаралар жараёни ҳақида фақат маълумот бериб борилади.

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль эса бундай музокара форматига норозилик билдириб, Европага ҳам музокаралар столида жой ажратилишини талаб қилди.

Киритилди: 22:46 10.11.2026. Ўқилди: 3046 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар