Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида 20 ноябрь куни минтақадаги энг ёрқин маданий тадбирлардан бири - Doha Film Festival кинофестивали бошланди. Бу йил фестивал дастури иштирокчи мамлакатларнинг хилма-хиллиги ва сони бўйича рекорд ўрнатди.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева тадбирда иштирок этиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
«Доҳадаги кино фестивали мустақил ва муаллифлик киносининг энг муҳим майдонларидан бири бўлиб, ўзига хос қарашлар ва дадил бадиий позицияга эга бўлган режиссёрларга ўз фикрларини билдириш имконини беради. Фестивал дастуридан ўнлаб мамлакатлардан фильмлар ўрин олган; ёш муаллифлар ва маҳаллий киноижодкорларга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, улар учун махсус бўлимлар ва танлов дастурлари ташкил этилган. Кеча Қатар пойтахтининг диққатга сазовор маданий масканларида бўлиб ўтаётган ушбу фестивалга ташриф буюрдим. Замонавий кино - долзарб кайфият ва маъноларни акс эттириш, айни пайтда жамиятимизни қандай мавзулар ташвишга солаётганини тушуниш усулидир», деб ёзди у.
Фестивалда 62 мамлакатдан 97 та фильм, жумладан, бадиий фильмлар, ҳужжатли фильмлар ва қисқа метражли асарлар намойиш этилмоқда. Дастурда ўзликни англаш, можаролар, гуманитар тарихлар ва ижтимоий ўзгаришлар мавзуларига алоҳида эътибор қаратилган.
Кино намойишларидан ташқари, фестиваль Қатар кино саноатини ривожлантиришга бағишланган саноат тадбирлари, мунозаралар ва тақдимотларни ўз ичига олади. Умуман олганда, фестивалнинг мукофот ва грантлари миқдори 300 минг доллардан ошади. Томошабинлар учун бу жаҳон ва минтақавий премьераларни кўриш, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка киноси билан танишиш ва халқаро маданий тадбирнинг бир қисми бўлиш имкониятидир.