Бугун 11 январь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

«Орешник» нима учун ўта хавфли?

«Орешник» нима учун ўта хавфли?

9 январга ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Украинага «Орешник» гипертовушли ракета билан ҳужум уюштирди. Ҳужум Львов вилоятида, НАТО чегарасидан тахминан 80 километр масофада амалга оширилган. Нишон Украина инфратузилмаси бўлган, ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган хабарларга кўра эса ер ости газ омбори зарба остига олинган.

Австриянинг Инсбрук университети профессори, сиёсатшунос Герхард Манготтнинг таъкидлашича, «Орешник» ракеталари деярли уриб тушириб бўлмайдиган қурол ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, бу Путин мазкур уруш давомида қўллаган энг хавфли қурол бўлиб, дунёдаги энг хавфли ракеталар қаторига киради. Мутахассислар баҳолашича, Россия ҳозиргача бундай гипертовушли ракеталардан 10–20 дона ишлаб чиқарган бўлиши мумкин.

Манготт ракета хавфининг асосий сабаби унинг тезлиги эканини таъкидлайди. «Орешник» соатига 12 минг километрдан ортиқ тезликда ҳаракатланади, бу эса замонавий истребитель самолётлардан тўрт баробардан ҳам тездир. Шу боис, Arrow 3 ёки Patriot каби ҳаво мудофааси тизимлари уни тўсиб қолишга қодир ёки йўқлиги ҳақида ҳозирча аниқ техник маълумот мавжуд эмас.

Бу ҳолат Украина ушбу ракетага қарши амалда имкониятсиз эканини кўрсатади. Шу билан бирга, энг катта хавф шундаки, «Орешник» ракети олтитагача оддий ёки ядровий жанговор қисм билан жиҳозланиши мумкин.

Мутахассиснинг айтишича, битта ракета бир вақтнинг ўзида бир нечта нишонга зарба бериши мумкин, чунки ҳар бир жанговор қисм алоҳида парвоз траекториясига эга. Бу эса уни тўсиб қолишни деярли имконсиз қилади.

Львов вилоятида қўлланган ракета, мавжуд маълумотларга кўра, портловчи модда билан жиҳозланмаган. Бу эса ҳужум кўпроқ намойишкорона ва тарғиботий характерга эга бўлгани ҳақида хулоса чиқаришга асос беради. Айрим таҳлилчилар бунга сабаб сифатида ракета тажриба босқичида экани ва тасодифий зарбалар орқали НАТО ёки қўшни давлатларга зарар етказиш хавфидан қочиш истагини келтирмоқда.

Герхард Манготтнинг таъкидлашича, агар «Орешник» жанговор қисмлар билан тўлиқ жиҳозланса, бу Россияга урушни жиддий даражада кескинлаштириш имконини беради.

Киритилди: 19:01 10.01.2026. Ўқилди: 2894 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!