АҚШ Россия Федерацияси билан музокараларни бошлаганига қарамай, Россия қўшинлари Украинада тўхтамаяпти ва Украинанинг йирик саноат базасига эга бўлган энг катта ҳудудларидан бири - Днепропетровск вилоятига яқинлашмоқда, деб хабар бермоқда The New York Times.
"Ҳозирда Россия қўшинлари минтақа чегарасидан уч милдан ҳам яқинроқ масофада жойлашган ва сўнгги кунларда улар олдинга силжияпти. Агар Россия армияси шарқий Донетск вилоятидан Днепропетровск вилоятига ўтса, бу Украина халқининг руҳиятига катта зарба бўлади... Бу, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган ҳудудий музокараларда Киевнинг позициясини янада мураккаблаштириши мумкин," дейилади нашрда.
Таъкидланишича, Россия ҳужуми аллақачон Днепропетровскнинг чегара ҳудуди манзарасини ўзгартириб юборган: эндиликда зирҳли техникалар колонналари ўтадиган йўллар бўйлаб траншеялар ва танкларга қарши хандақлар қазилган. Тинч аҳоли ҳам жангга тайёрланмоқда, деб ёзади NYT. Баъзилар аллақачон эвакуация қилинган, бошқалар эса кўчиб кетиш режаларини тузмоқда.
Нашрда таъкидланишича, Россия қўшинларининг Днепропетровск вилоятига ҳужум қилиш хавфи, уларнинг Донетск вилоятида олти ой давомида тез суръатлар билан илгарилаб боришига асосланган, гарчи сўнгги ҳафталарда бу ҳаракат секинлашган бўлса-да.
Венадаги ҳарбий эксперт Франс Гадининг айтишича, секинлашиш ёмон об-ҳаво шароити, шунингдек, Украинанинг пилотсиз учиш аппаратларидан самарали фойдаланиши билан боғлиқ.
"Бироқ, пилотсиз учиш аппаратлари ҳудудни ушлаб тура олмайди," деб таъкидлади 59-бригаданинг "Шквал" махсус кучлари штурм батальони қўмондони, подполковник Вадим Балюк.