Россиянинг Сбербанки раҳбари Герман Греф мамлакат иқтисодиётидаги ҳозирги вазиятни “идеал бўрон” деб атади. У бу фикрни Петербург халқаро иқтисодий форумида “Сбер”нинг ишбилармонлар нонуштаси доирасида билдирган.
Грефнинг сўзларига кўра, асосий муаммолар — бу юқори фоиз ставкалари ва Россиянинг етакчи дунё иқтисодиётларидан орқада қолаяпгани. Шунингдек, у рублнинг мустаҳкамланиши бюджет кўрсаткичларига салбий таъсир қилаётганини қайд этди.
“Бюджет катта танқисликка дуч келмоқда. Йил охирига бориб, молия вазирлиги эҳтимолий янги манбалар орқали бу танқисликни қоплаш заруратига дуч келади. Эҳтимол, бу манба бозор маблағларини жалб қилиш бўлади”, — деди Сбербанк раҳбари.
Россия молия вазири Антон Силуанов бунга жавобан “бюджетда ҳам бўрон бўлаяпти” деб тан олди, лекин солиқ тизимида янги ўзгаришлар бўлмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, солиқ барқарорлиги — олдиндан айтилган сиёсатнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
“Ўтган йили солиқ базасини ўзгартирмасликка келишиб олганмиз. Бу тўғри қарор бўлган”, — деди Силуанов.
Вазир, шунингдек, “хоҳишларда камтар бўлиш”га чақирди ва бюджет сиёсати ҳамда пул-кредит сиёсати ўртасида мувофиқлик бўлиши зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳозирги муаммоларнинг сабабларидан бири — шу икки йўналиш орасида мувофиқликнинг йўқлиги.
2025 йил бошидан Россияда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича янги прогрессив ставкалар кучга кирди. Илгари амал қилган икки ставка — 13 ва 15 фоиз ўрнига энди бешта ставка мавжуд: 13 фоиздан 22 фоизгача, даромад даражасига қараб. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, бу ўзгаришлар ишчи аҳолининг тахминан 3,2 фоизи учун тегишлидир.
Жорий йилнинг январь-май ойларида Россия федерал бюджети танқислиги 3,393 трлн рублни ташкил этди, бу ЯИМнинг 1,5 фоизига тенг.