Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Украина бўйича махсус вакили Родион Мирошник Европа давлатларининг Украина можаросини ҳал этишга доир таклифлари кўпинча ультиматумларга ўхшашини ва тинчлик ўрнатишга хизмат қилмаётганини билдирди. Бу ҳақда «Тасним» агентлиги «Известия» нашрига таяниб хабар берди.
Мирошникнинг таъкидлашича, Европа мамлакатлари орасида Украина бўйича ягона позиция мавжуд эмас. Унинг фикрича, аксарият Европа давлатларининг ҳаракатлари можарони ҳал қилишдан кўра, Украинани молиялаштириш ва ҳарбий тўқнашувларнинг давом этишига қаратилган.
«Агар улар қандайдир баёнот ёки таклиф билан чиққан бўлса, булар кўпроқ ультиматумларга ўхшайди. Уларни можарони ҳал қилиш механизми ёки тинч ечим топиш истагининг далили сифатида қабул қилиб бўлмайди», — деди дипломат.
«Валдай» халқаро мунозара клуби эксперти Андрей Кортунов ҳам Европанинг ҳозирги ёндашуви музокараларни секинлаштираётганини таъкидлади. Унинг фикрича, Европа давлатлари конструктив таклифлар билан чиқиши ва позициясини юмшатиши керак. Шу билан бирга, эксперт келажакда Европа давлатларининг иштирокисиз янги хавфсизлик тизимини шакллантириш имконсизлигини қайд этди.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам Европа билан мулоқот зарурлигини билдирган. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи можарони давом эттириш тарафдори бўлиб қолаётгани сабабли, Москва ва Вашингтон қабул қиладиган қарорларни Европа давлатлари билан мувофиқлаштириш масаласи мураккаблашмоқда.
Аввалроқ, 21 октябрь куни «Политико» нашри Европа Иттифоқи Россия билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш учун махсус вакил танлашни кўриб чиқаётганини хабар қилган эди. Эҳтимолий номзодлар қаторида Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Каллас тилга олинган. Айрим дипломатлар Финляндия президенти Александр Стубб номзодини ҳам маъқул кўрмоқда.
Шу тариқа, Европа давлатларининг Украина бўйича музокаралардаги ўрни масаласи Москва ва Брюссель ўртасидаги асосий келишмовчиликлардан бири бўлиб қолмоқда.