Иордания ҳарбий-ҳаво кучларининг Сурия жанубидаги Дараа вилоятининг бир нечта ҳудудига берган ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони етти нафарга етди.
SANA ахборот агентлиги хабар беришича, бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари маълум қилди.
Маълумотларга кўра, зарбалар оқибатида яна уч киши жароҳатланган.
«Ҳужумлар натижасида уч нафар бола, бир аёл ва уч нафар эркак, жумладан, бир кекса киши ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар орасида икки нафар эркак ва бир бола бор», — дея мансабдор шахснинг сўзларини келтиради нашр.
Ҳаво зарбалари Ал-Мусаммия ҳудудидаги Ат-Таф мавзесида, шунингдек, Насиб ва Музайриб аҳоли пунктлари атрофидаги объектларга берилган.
Сурия расмийлари тинч аҳоли, жумладан, болалар жабрланган ҳаво зарбалари Дамашқ билан олдиндан келишилмаганини билдирди.
Сурия Ташқи ишлар вазирлиги эса Иордания томонига Сурия ҳудудида ҳарбий операцияларни олдиндан мувофиқлаштирмасдан ўтказгани учун қатъий норозилик билдирилганини маълум қилди.