Хитойда икки оила ўртасидаги ер участкалари чегараси бўйича низо икки аср давомида давом этди. Яқинда Сиань шаҳридаги суд ушбу ишга ниҳоят нуқта қўйди.
South China Morning Post газетаси хабар беришича, Ду ва Чжан оилалари узоқ йиллар давомида уйлари ўртасидаги чегара юзасидан баҳслашиб келган.
Яқинда Ду оиласи ошхонани таъмирлаш ва деворни баландлатишга қарор қилган. Бироқ қўшнилар бу ишга қаршилик билдириб, ёруғлик тушиши ва сув оқизиш тизими билан боғлиқ муаммолар юзага келишини айтган. Натижада жанжаллар баъзан муштлашувларга ҳам айланган.
Полиция ва қишлоқ қўмитаси низони ҳал қилиш учун ўнлаб марта уриниб кўрган, аммо бу ҳаракатлар самара бермаган.
Яраштиришга қаратилган уринишлардан бирида Чжан оиласи кутилмаган ҳужжатни тақдим этган. Бу Цяньлун императорининг ҳукмронлиги давридаги 46-йилга тегишли ер келишуви бўлган. Сарғайган саҳифада қўлёзма матн сақланиб қолган.
Чжан оиласининг айтишича, мазкур ҳужжат икки оила ўртасида тузилган шартнома бўлиб, ҳовлидаги хурмо дарахти билан белгиланган ер чегарасини аниқ белгилаб берган.
Шундан сўнг маҳаллий ҳокимият вакиллари низо 200 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этиб келаётганини англаган. Бу давр мобайнида ҳар икки оиланинг бир неча авлоди ер чегараси сабабли қайта-қайта низолашган. Жумладан, 1949 йилда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганидан кўп ўтмай ҳам бу масала юзасидан келишмовчиликлар юзага келган.
Бироқ суд чегарани фақат эски ҳужжат асосида белгилаш билан чекланмаган. Мутасаддилар жойида ўлчов ишларини ўтказиб, ҳар икки оила манфаатларига мос келадиган таъмирлаш режасини ишлаб чиққан.
Шу тариқа, икки асрдан ортиқ давом этган низони ҳал қилишга эришилган.