Финляндия президенти Александр Стубб, Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре ва Россия президенти Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилиб, Украинадаги урушни тугатишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлар ва музокараларни қайта бошлаш масалаларини муҳокама қилди.
Бу ҳақда Финляндия президентининг расмий веб-сайтида маълум қилинган.
Телефон орқали суҳбат 20 октябрь куни Ослода икки давлат раҳбари ўртасида бўлиб ўтган учрашувнинг давоми бўлди. Мулоқот Украина билан келишилган ҳолда ўтказилди. Суҳбатдан мақсад — урушни тугатишга хизмат қилиши мумкин бўлган келгуси музокараларга оид хабарларни Путинга бевосита етказишдан иборат бўлган.
Стубб ва Стёре Финляндия ҳамда Норвегия Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади. Шунингдек, улар урушни якунлаш ва музокараларни қайта бошлаш зарурлигини билдирди.
«Суҳбат очиқ ва мазмунли бўлди. Биз Россия билан қўшни давлатлармиз. Бу урушнинг натижаси бизнинг хавфсизлигимизга, шунингдек, бутун Европанинг хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатади. Урушни тугатиш учун тўғридан-тўғри музокаралар зарур», — деди Стубб.
Ўз навбатида, Стёре уруш улкан инсон ҳаёти ва моддий йўқотишларга сабаб бўлаётганини қайд этди.
Томонлар, шунингдек, Болтиқбўйи минтақаси ва Арктика ҳудудида барқарорлик ҳамда олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган вазиятни таъминлаш Финляндия ва Норвегиянинг умумий манфаатларига мос келишини таъкидлади.
Шу билан бирга, расмий хабарда Стубб ва Стёре мазкур суҳбатда фақат ўз мамлакатлари раҳбарлари сифатида иштирок этгани, бутун Европа номидан иш кўрмагани қайд этилган.