Россия Федерал давлат статистика хизмати — Росстат йирик киберҳужумга учради. Хакерлар идоранинг ахборот тизимларига кирганини ва катта ҳажмдаги маълумотларни қўлга киритганини даъво қилмоқда.
1 ноябрга ўтар кечаси Росстатнинг расмий сайтида беларус тилида «Ҳеч ким жавобгарликдан қочиб қутула олмайди» деган ёзув пайдо бўлган. Шунингдек, саҳифаларда «Киберпартизанлар BY» ва Silent Crow хакерлик гуруҳларининг логотиплари жойлаштирилган.
Ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган гуруҳлар Росстатнинг марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва маълумотларни қайта ишлаш тизимларига киришга муваффақ бўлганини билдирди.
Silent Crow маълумотига кўра, киберҳужум давомида 23 терабайтга яқин ахборот қўлга киритилган. Улар орасида Россия армиясининг Украинадаги урушда кўрган йўқотишларига оид маълумотлар ҳам борлиги даъво қилинмоқда.
Росстат киберҳужум содир бўлганини тасдиқлади, бироқ маълумотлар базаси бузилгани ёки махфий ахборот сиздирилганини рад этди.
Хакерларнинг маълумотлар ўғирлангани ҳақидаги даъволари ҳозирча мустақил тасдиқланмаган.