Эстонияда Швеция ва Литвадан битум етказиб бериш тўхтатилгани сабабли асфальтнинг кескин тақчиллиги юзага келди. Бу ҳолат Таллин шаҳар ҳокимиятини бир қатор йўл таъмирлаш ишларидан воз кечишга мажбур қилди.
Эстония давлат телерадиокомпанияси ERR портали хабар беришича, бу ҳақда мамлакат пойтахти Таллин шаҳар ҳокими ўринбосари Кристиан Ярван маълум қилган.
«Аввало, ёқимсиз хабардан бошлайман: Эстонияда асфальт тугаб қолди. Ҳозирча номаълум сабабларга кўра, Швеция компанияси етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди. Литва компанияси эса бундан хурсанд бўлиб, дарҳол нархларни оширди, кейин эса унинг заводи ишдан чиқди», — деди у.
Ярваннинг сўзларига кўра, ҳар икки мамлакатдан битум етказиб бериш тўхтагани туфайли Эстония корхоналари асфальт ишлаб чиқариш имкониятидан маҳрум бўлган.
Шаҳар ҳокимияти бу ҳақда Таллинда йўл қопламаларини ётқизиш билан шуғулланувчи икки пудратчи ташкилотни аллақачон хабардор қилган.
Шаҳар ҳокими ўринбосарининг таъкидлашича, юзага келган вазият шаҳар маъмуриятини йўлларни таъмирлаш режаларини қайта кўриб чиқишга ва қиш мавсумига мўлжалланган асфальт қопламасини алмаштириш бўйича бир қатор лойиҳалардан воз кечишга мажбур қилган.
«Кўчалар қазиб ташланган, аммо уларни қайта тиклаш учун асфальт йўқ бўлган вазиятнинг юзага келишини истамаймиз», — дея изоҳ берган Ярван.