Эрон янги қурол-яроғларни синовдан ўтказди, мамлакат армияси эса юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди.
Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
«Биз қурол-яроғ имкониятларимизни янгиладик, заиф жиҳатларимизни бартараф этдик ва янги қуролларни синовдан ўтказдик. Эрон қуролли кучлари энг юқори даражадаги жанговар шайлик ҳолатида», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан ҳамкорликни одатий тартибга қайтариш учун вақт талаб этилади.
«Эрон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома аъзоси ҳисобланади ва ушбу ҳужжат доирасидаги мажбуриятларига содиқдир. Биз уруш бошланиши эҳтимолини истисно қилмаймиз ва барча сценарийларга тайёрмиз. Биз барча фронтларда, жумладан, Ливанда ҳам урушни тўхтатиш ва уни тўлиқ якунлашни талаб қилмоқдамиз.
Ҳурмуз бўғозини қайта очишни Эрон ва Уммон томонидан белгиланган янги кемалар қатнови йўналиши қабул қилиниши ҳамда бошқа йўналишларнинг ёпилиши шарти билан боғлаяпмиз», — деди Ароқчи.
Қайд этиш жоизки, Эрон Қатардаги музлатилган активларини ҳам блокдан чиқаришни талаб қилмоқда.