Бельгия бош вазири Барт Де Вевер 2027 йилги давлат бюджети бўйича коалиция ҳамкорлари билан келишувга эриша олмагани сабабли мамлакат қироли Филиппга истеъфога чиқиш тўғрисида ариза топширди. Бу ҳақда VRT телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳукумат раҳбари ҳукмрон коалициядаги партиялар билан бюджет масаласида муросага кела олмаган. Музокаралар натижасиз якунланганидан сўнг Де Вевер келишувга эришиш имкони қолмаганини билдириб, истеъфога чиқишга қарор қилган.
Бироқ Бельгия қироли Филипп ҳозирча бош вазирнинг аризаси бўйича қарор қабул қилмаган. Қироллик саройи маълумотига кўра, у 3 ноябрь куни ҳукмрон коалиция партиялари раҳбарлари билан маслаҳатлашувлар ўтказади.
Шунингдек, 2 ноябрь куни кечқурун бўлиб ўтган Вазирлар кенгашининг тор доирадаги йиғилишида 2029 йилгача 10 миллиард евро ажратиш бўйича ҳам келишувга эришилмаган.
Барт Де Вевер Европа Иттифоқида музлатилган Россия активларидан Украина манфаатлари йўлида фойдаланиш ташаббусига қарши чиққан асосий сиёсатчилардан бири ҳисобланади. Бельгия ҳукумати бундай қарор мамлакат учун ҳуқуқий ва молиявий хавфлар келтириб чиқариши мумкинлигини билдириб келган.