"Туркий дунёнинг бирлиги — умумий тарихимиз орқали бизгача етиб келган теран илдизли мерос ҳамда муштарак келажагимизни биргаликда бунёд этишга бўлган қатъий иродамизнинг энг ёрқин ифодасидир. Асрлар давомида турли минтақаларда не-не синовларни бошидан кечирган қардош халқларимизни бир-бирига боғлаб келган кўнгил кўприклари бугун Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги сиёсий, инсоний, иқтисодий ва маданий ҳамжиҳатлигимизнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этмоқда. Туркий дунёнинг улкан салоҳиятини умумий мақсадлар йўлида сафарбар этиш, бирлигимизни аниқ ютуқлар билан мустаҳкамлаш ва келгуси авлодларга янада қудратли туркий дунёни мерос қолдириш — барчамизнинг тарихий масъулиятимиздир.
Анқарада «Туркий дунё асри: тилда, фикрда, ишда бирлик» мавзусида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитини ана шу муштарак иродамиз янада мустаҳкамланадиган муҳим учрашув деб биламан. Саммитда «Жон Озарбайжон»дан қабул қилиб оладиган даврий раисликни туркий дунёнинг умумий мақсадларига эришиш ва Ташкилотимизнинг тузилмавий салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан тарихий масъулият деб биламан.
Исмоил Ғаспирали бизга мерос қолдирган бирлик ғояси бугун Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятига йўналиш бериб келаётган илҳом манбаидир. Нахчивонда қўйилган пойдевор устида юксалаётган Ташкилотимиз умумий тарих ва маданиятимиздан олган куч билан кундан кунга янада самарали тузилмага айланмоқда. Эндиликда қардошлигимизни келгуси авлодларга етказадиган кучли муассасалар билан мустаҳкамлаш, муштарак иродамизни лойиҳалар орқали барқарор ютуқларга айлантириш вақти келди.
Жаҳон сиёсати туб ўзгаришларни бошидан кечираётган бир даврда туркий давлатларнинг ҳамжиҳатлиги стратегик заруратга айланди. Халқаро тизим адолат ва ишончни қарор топтиришда қийналаётган, урушлар ва инқирозлар кенг ҳудудларга таъсир кўрсатаётган бир пайтда бу ҳамжиҳатлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Муштарак ирода атрофида жипслашган туркий давлатлар энг оғир синовларни енгиб ўтиш ва ўз келажагини белгилаш қудратига эга. Туркий дунё бирлигининг асоси — ҳар бир қардош мамлакатимизнинг суверенитети, мустақиллиги ва миллий иродасига бўлган ҳурматдир. Бу бирлик умумий қадриятлар билан бир қаторда ўзаро ишонч ва манфаатларга таяниб юксалади.
Туркий дунёнинг иқтисодий бирлашуви Ташкилотимиз келгуси даврда алоҳида эътибор қаратиши лозим бўлган устувор йўналишларнинг энг муҳимларидан биридир. Бу жиҳатдан Каспий денгизи орқали ўтувчи Шарқ–Ғарб Ўрта коридори тарихий имконият яратмоқда. Осиё ва Европа ўртасидаги савдо алоқалари қайта шаклланаётган бугунги кунда туркий дунё ҳудуди глобал транспорт ва логистика тармоқларининг муҳим марказларидан бирига айланиш имкониятига эга. Биз темир йўлларимизни, портларимизни, автомобиль йўллари алоқаларини ва божхона тизимларимизни бир-бирини тўлдирувчи яхлит бир тизим сифатида ривожлантирмоқдамиз. Каспий денгизининг икки соҳилини бир-бирига боғлайдиган ҳар бир сармоя қардош мамлакатларимиз ўртасидаги савдони кенгайтиради ва умумий фаровонлигимизга ҳисса қўшади.
Шу мақсадда «Туркий инвестиция жамғармаси»дан янада самарали фойдаланамиз, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо йўлидаги тўсиқларни биргаликда бартараф этамиз, ишлаб чиқариш ва инвестиция соҳаларида бир-биримизнинг салоҳиятимизни янада мустаҳкамлаймиз. Энергия манбаларимиз, қайта тикланувчи энергия салоҳиятимиз ва алоқа инфратузилмамиздан муштарак мақсадлар йўлида энг самарали тарзда фойдаланамиз. Туркий дунёнинг турли ҳудудларидаги имкониятларни ягона йўналишда сафарбар этиб, ишлаб чиқариш, савдо ва технология соҳаларида қўлга киритган ютуқларимизни биргаликда янада кўпайтирамиз.
Иқтисодий соҳада қарор топтирган бу ҳамжиҳатликни хавфсизлик соҳасида ҳам қатъият билан давом эттирмоқдамиз. Терроризм, чегараорти жиноятлар, кибертаҳдидлар ва табиий офатлар қаршисида имкониятларимизни бирлаштириб, биргаликда ҳаракат қилиш салоҳиятимизни ривожлантирамиз. Мудофаа саноатида тажрибаларимизни ўзаро ўртоқлашган ҳолда, маҳаллий ва миллий технологияларимизни ривожлантириб, муштарак ишлаб чиқариш қувватимизни оширамиз.
Бирлигимизнинг энг қимматли таянчи эса умумий тамаддун шууримиздир. Хожа Аҳмад Яссавий ҳикмати, Алишер Навоий каломи, Низомий Ганжавий ирфони, Махтумқули Фироғий мисралари, Юнус Эмронинг кўнгил тили ва Чингиз Айтматовнинг қалами айни бир буюк тамаддуннинг сарҳадлардан ошган бойлигини намоён этиб, унинг келажагига нур сочувчи тимсоллардир.
Умумий туркий алифбо борасида билдирилган қатъий ирода маданий яқинлашувимиз йўлидаги тарихий қадамдир. Бу қадамни таълим, илм-фан, нашриёт ва рақамли технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлигимиз орқали янада илгарига олиб чиқамиз. Ёшларимизнинг қардош мамлакатларда таълим олишини рағбатлантирамиз, университетларимиз ва олимларимизни бир-бирига яқинлаштирамиз ҳамда туркий тилларнинг сунъий интеллект даврида ўзига муносиб ўрин эгаллашини таъминлаймиз. Билимимиз, тажрибамиз ва имкониятларимизни бирлаштириб, туркий дунёнинг келажагини биргаликда шакллантирамиз.
Теран илдизларга эга бу тамаддун зиммамизга юклаган масъулият — ҳар қандай шароитда ҳам қардошлигимизни асраб-авайлаш, бир-биримизнинг ҳуқуқ ва манфаатларимизни ҳимоя қилишдир. Туркий дунёнинг ажралмас қисми бўлган Кипр турк халқи билан ҳамжиҳатлигимизни ҳам ана шу тушунча асосида давом эттирмоқдамиз. Шимолий Кипр Турк Республикасининг Ташкилотимиздаги кузатувчи мақоми берадиган имкониятларни кенгайтиришга ва унинг қардош мамлакатлар билан алоқаларини мустаҳкамлашига катта аҳамият бермоқдамиз. Кипр турклари учраётган ноҳақ яккаланишга барҳам берилиши, уларнинг суверен тенглиги ва тенг халқаро мақоми тан олиниши борасидаги қатъий позициямизни сақлаб қоламиз.
Туркий давлатлар ташкилотининг мустаҳкамланиши умумий минтақамизда тинчлик ва ўзаро ишончнинг янада қарор топишига ҳам хизмат қилади. Ташкилотимиз ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка асосланган ёндашуви билан минтақавий ва глобал барқарорликка ҳисса қўшишда давом этади.
Туркий давлатлар ташкилоти олдидаги асосий вазифа — муштарак иродамизни иқтисодий, сиёсий, маданий ва технологик соҳаларда барқарор ютуқларга айлантиришдир. Ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз қардош халқларимизнинг осойишта ҳаёти, фаровонлиги ва тараққиётида аниқ натижалар сифатида ўз ифодасини топгани сари қудратимиз янада мустаҳкамланади.
Мен XXI аср «Туркий дунё асри» бўлишига бутун қалбим билан ишонаман. Анқара саммити шу мақсад йўлида янги уфқлар очади, Ташкилотимизнинг халқаро майдондаги таъсирини кучайтиради ва қардош мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди. Асрлар давомида қалбимизда яшатиб келган бирлик ғоясини боқий ишлар орқали рўёбга чиқариш ва келгуси авлодларга ҳар жиҳатдан янада қудратли туркий дунёни мерос қолдириш — бизнинг энг улкан вазифамиздир".
Ражаб Тоййиб Эрдоған, Туркия Республикаси Президенти