Бугун 3 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Қозоғистонда ҳарбийларнинг Каспий денгизида ҳалок бўлишига сабаб бўлган камчиликлар маълум қилинди

Қозоғистонда ҳарбийларнинг Каспий денгизида ҳалок бўлишига сабаб бўлган камчиликлар маълум қилинди

Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов Каспий денгизида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлишига олиб келган фожиа юзасидан ўтказилган ҳукумат текшируви натижаларини маълум қилди. Текширувда ҳарбий машғулотларни назорат қилиш, хавфни баҳолаш ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик борасида жиддий камчиликлар аниқланган. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар берди.

Бектеновнинг айтишича, хавфли омилларга етарлича эътибор қаратилмаган, хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан тегишли назорат ўрнатилмаган. Шунингдек, машғулотларнинг хавфли босқичларини ўз вақтида тўхтатиш бўйича қарорлар кеч қабул қилинган.

Бош вазир Қозоғистон Қуролли Кучларида хавфсизликни кучайтириш чоралари кўрилаётганини ҳам таъкидлади. Жумладан, ҳарбий машғулотларни ҳаводан кузатиш учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланилмоқда. Айрим бўлинмаларда эса ҳарбий хизматчиларнинг жойлашуви ва жисмоний ҳолатини назорат қилиш имконини берувчи шахсий қурилмалар жорий этилган.

Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги «Қазгидромет» билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Энди ҳарбийлар об-ҳаводаги ўзгаришлар ҳақида мунтазам маълумот олиб боради.

Фожиа жорий йил сентябрь ойида Мангистау вилоятидаги ҳарбий машғулотлар вақтида содир бўлган. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши ва кучли шамол ҳарбий вазифани бажараётган гуруҳни денгизга олиб кетган. Ҳодиса оқибатида бир неча ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Воқеадан кейин Мудофаа вазирлиги раҳбарияти алмаштирилди ва жиноий иш қўзғатилди. Ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ бош қўмондони, унинг собиқ ўринбосари — штаб бошлиғи ҳамда бошқа мансабдор шахслар ҳибсга олинган.

Фожиадан сўнг Қозоғистон ҳукумати Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш режаларини ҳам эълон қилди. Улар орасида икки босқичли ҳарбий хизматга чақирув тизимига ўтиш ва жанговар ҳаракатларни моделлаштириш учун махсус тренажёрларни жорий этиш бор. Мудофаа вазирлиги бу чоралар ҳарбий тайёргарлик сифатини ошириши ва машғулотлар харажатларини камайтиришини кутмоқда.

Киритилди: 17:07 02.11.2026. Ўқилди: 422 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!