Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мамлакат ғарбида конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришни режалаштирганликда гумон қилинаётган 10 кишини қўлга олди. Ҳибсга олиш 30 октябрь куни Атирау шаҳрида ўтказилган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, гумонланувчилар экстремистик гуруҳ тузиш, унга раҳбарлик қилиш ва фаолиятида иштирок этиш, шунингдек, терроризмни тарғиб қилиш ҳамда диний адоват қўзғатишда айбланмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари Қозоғистоннинг ғарбий ҳудудида конституциявий тузум асосларини куч ишлатиш орқали ўзгартиришни мақсад қилган.
Гумонланувчиларнинг яшаш жойларида ўтказилган тинтувлар давомида ўқотар қуроллар, гиёҳванд моддалар, диний буюмлар, адабиётлар ва бошқа ашёвий далиллар мусодара қилинган.
Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари, шунингдек, гуруҳ аъзолари ташкил этган болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган учта яширин таълим марказини аниқлаб, фаолиятини тўхтатган.
Қўмита маълумотига кўра, қўлга олинганларнинг айримлари аввал ҳам террорчилик ва бошқа жиноятлар учун судланган.