Россия армияси сафига қўшилиб қолган Қозоғистон фуқароларининг қариндошлари яқинларини уйга қайтаришда ҳукуматдан ёрдам сўрамоқда. Бу ҳақда «Озодлик» радиоси хабар берди. Маълум қилинишича, қозоғистонликларни Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга алдаш орқали мажбурлаш билан боғлиқ бир нечта ҳолат қайд этилган.
Бу воқеаларнинг сценарийси бир-бирига жуда ўхшаш. Моддий аҳволи оғир бўлган қозоғистонликлар Россияга қўриқчи бўлиб ишлаш умидида йўл олади. Уларга мактаблар ва болалар боғчаларини қўриқлаш иши таклиф қилиниб, Қозоғистондаги даромадларидан анча юқори маош ваъда қилинади.
Бироқ Россияга етиб боргач, уларга имзолаш учун катта ҳажмдаги ҳужжатлар тақдим этилади. Уларнинг кўпчилиги рус тилини яхши билмагани сабабли ҳужжатларни ўқимасдан имзолайди. Ҳужжатлар орасида эса Россия Мудофаа вазирлиги билан тузилган ҳарбий хизмат шартномаси ҳам бўлади. Имзо қўйишдан бош тортганларга 15 йилгача қамоқ жазоси билан таҳдид қилинади.
Уларнинг қариндошлари алдов орқали ҳарбий хизматга жалб қилинган ёшлар яқин орада фронтга юборилишидан қаттиқ хавотирда.
Ушбу муаммо яқинда Қозоғистон ҳукумати эътиборини ҳам тортди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Жанболат Усeнов бу ҳолатга изоҳ берди.
«Оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон Республикаси фуқароларининг Ватанга қайтишига кўмаклашиш ҳақидаги мурожаатлари тарқалмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги ушбу вазиятга ўта жиддий муносабатда бўлмоқда. Хориждаги Қозоғистон фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазирлик фаолиятининг мутлақ устувор йўналишидир», — деди у.
Унинг таъкидлашича, Қозоғистон ҳукумати фуқароларни қуролли можаро ҳудудларидан қайтариш бўйича амалий тажрибага эга.