Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Деҳқонобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Деҳқонобод тумангаз” газ таъминоти бўлими моддий жавобгар шахслари 337 нафар фуқаронинг номига “ID” карталар очиб, мазкур карталар орқали 143 тонна суюлтирилган газни фуқароларга етказиб берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон дастурга киритиб, 529,8 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Хўжаободтумангаз” суюлтирилган газ таъминоти бўлими чилангари Х.Н. аҳолига имтиёзли нархларда етказиб бериш учун ажратилган 19 дона баллондаги суюлтирилган газни бошқа шахсларга сотиш мақсадида фуқаро Р.Х.нинг “Сарқамиш” МФЙ ҳудудидаги хонадонига олиб келган вақтида ушланган.
Тадбир давомида “Хўжаободтумангаз” бўлими масъул шахслари ва бошқалар 2025 йилнинг октябрь ойида давомида туман ҳудудидаги 10 та МФЙда яшовчи аҳолига гўёки 81,5 тонна суюлтирилган газ тарқатилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, 428 млн сўмни талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Балиқчи тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Балиқчитумангаз” газ таъминоти филиали чилангари А.Р. ва бошқалар аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газ тўлдирилган 34 дона маиший газ баллонларини фуқаролар С.Р. ва Р.С.га жами 3 млн сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Текширув давомида ушбу филиал моддий жавобгар шахслари аҳолига имтиёзли нархларда тарқатиш учун ажратилган жами 23,92 тонна суюлтирилган газни бошқа шахсларга 107,6 млн сўмга сотиб юбориб, талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.