Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Қарийб 44 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди

Қарийб 44 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари билан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Шайхонтохур туманида яшовчи, 2000 й.т. шахс бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашина салонида 1120 дона “Регапен”, 200 дона “Тропикамид” ва 20 дона “Селофен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, у мазкур дори воситаларини 1974 й.т. фуқародан олгани маълум бўлиб, ушбу шахснинг яшаш хонадонидан ҳам 4354 дона “Регапен”, 1850 дона “Селофен”, 697 дона “Тропикамид” ва 30 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Бундан ташқари, ушбу дори воситаларини Андижон вилоятидан олиб келган Пахтаобод туманида яшовчи, 1993 й.т. шахс ҳам 10.332 дона “Регапен” дори воситаси билан ушланди.

Тошкент шаҳрига кетаётган Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи, 1982 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашина Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги “Чинор” ЙПХ масканида тўхтатилиб кўздан кечирилди. Натижада, автомашина юкхонасида 5572 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган 5 нафар шахс ҳам Тошкент шаҳрида қўлга олинди ҳамда уларнинг 2 нафарининг яшаш хонадонларида сақланаётган жами 8022 дона “Регапен” дори воситалари ўрнатилган тартибда олиб қўйилди.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона туманининг Водил қишлоғида тезкор тадбир ўтказди.

Тезкор тадбир давомида “Кобальт” русумли автомашинада кетаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1981 ва 1990 йилларда туғилган икки фуқаро ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, қочишга уринган вақтларида қўлга олинди.

Улар томонидан йўл четига улоқтирилган хўжалик қопи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ичида 1400 дона “Регапен”, 392 дона “Лирика” ҳамда 240 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят ИИБ ва божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказди.
Жумладан, Дўстлик туманидаги “Манас-14” ЙПХ масканида Фарғона вилоятидан Жиззах шаҳрига келаётган, Ш.Рашидов туманида яшовчи, 2002 й.т. шахс бошқарувидаги “Исузу” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг юкхонасида 5544 дона “Регапен” ва 523 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Бахмал туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1993 й.т. фуқарога тегишли 2558 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси ўрнатилган тартибда олиб қўйилди.

Шунингдек, “Қўқон–Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланган “Кобальт” русумли автомашина Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган, Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи, 1962 й.т. шахсга тегишли 728 дона “Регапен” ва 297 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, у Қўқон шаҳрида харид қилган ушбу дори воситаларини Тошкент шаҳрида сотишни режалаштирган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 39630 дона “Регапен”, 1957 дона “Тропикамид”, 1870 дона “Селофен”, 392 дона “Лирика” ва 30 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Таъкидлаш лозимки, хорижда ишлаб чиқарилган ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғизистон Республикасидан ноқонуний йўллар билан мамлакатимизга олиб келинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: 17:02 03.07.2022. Ўқилди: 3250 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!