Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғи ижросини бажариш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг “Қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори (267-сон, 21.05.2026 йил) қабул қилинди.
Қарорга кўра, республикада мавжуд 10 мингдан зиёд қабристонларни ободонлаштириш мақсадида 2027–2029 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланиб, жами 1,6 трлн сўм маблағ йўналтириш белгиланди.
Бунда дастурни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:
➖ қабристонларнинг ҳимоя деворларини қуриш ва кириш дарвозаларини ўрнатиш ҳамда таъмирлаш — маҳаллий бюджет маблағлари;
➖ қабристонларнинг бино ва иншоотлари ҳамда йўл ва йўлакларини қуриш ва таъмирлаш — ҳар бир қабристон учун очилган шахсий ҳисобварақларда шаклланган маблағлар, ҳомийлик ва хайрия маблағлари, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари.
Хайрия қилиш орқали келиб тушадиган маблағларни қабристонни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ харажатларга йўналтириш мақсадида ҳар бир қабристон учун алоҳида шахсий ҳисобварақ очилади.
Бунгача хайрия учун бир тумандаги жами қабристонлар учун битта ҳисобварақ очилгани сабабли йиғилган маблағлар назорати йўлга қўйилмаган эди.
Ҳар бир қабристон учун очилган шахсий ҳисобварақларга ихтиёрий хайрия қилувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг тўловларини қабул қилиш учун тегишли QR-кодлар жорий этилади. Тушган маблағлар фақат ушбу қабристонларни сақлаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади ва бошқа мақсадлар учун сарфланишига йўл қўйилмайди.