Хориждан наслдор қорамолларни олиб кириш ҚҚСдан озод этилади.
«Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–179-сон, 12.05.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар чорвачилик тармоғини 2026–2028 йилларда ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:
- чорвачилик (гўшт ва сут) маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш даражасини 50 фоизга олиб чиқиш;
- наслдор қорамоллар улушини 90 фоизга етказиш орқали чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва бошқалар.
2027 йил ҳосилидан бошлаб пахта ва бошоқли дон жойлаштирилиши назарда тутилган ер майдонларининг 50 фоизига озуқабоп экинларни жойлаштиришга рухсат этилади.
2026 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар аҳоли хонадонларида идентификация қилинган сигирлардан қуйидагилар орқали олинган ҳар бир бош наслдор бузоқ (идентификация қилинган) учун субсидия ажратиш йўлга қўйилади:
- сунъий уруғлантириш орқали олинганда – 500 минг сўмдан;
- эмбрионларни кўчириб ўтказиш (трансплантация) орқали олинганда – 700 минг сўмдан.
2026 йил 1 июндан бошлаб 2029 йил 1 январга қадар хориждан наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.