Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Х ижтимоий тармоғида жойлаган видеода Исроил ҳарбий-денгиз кучлари томонидан тўхтатилган Global Sumud флотилияси фаоллари Ашдод портида тиз чўккан, қўллари орқага боғланган ва бошлари пастга қаратилган ҳолда тасвирланган. Вазир эса улар орасида Исроил байроғини кўтариб юриб, “Исроилга хуш келибсизлар, бу ерда биз хўжайинмиз”, дея бақирган. Пост остида Бен-Гвир ушбу шахсларни “терроризм тарафдорлари” деб атаган.
Италия, Франыия, Канада, Нидерландия, Белгия ва Португалия Исроил элчиларини ташқи ишлар идорасига чақирган бўлса, Испания Исроилнинг Мадридда элчиси бўлмагани сабабли вақтинча ишончли вакилни чақиртирди.
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати вакили Ануар Эл-Ануни ушбу муносабатни “бутунлай қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб атади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир ушланган шахснинг хавфсизлиги ва қадр-қиммати таъминланиши ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиниши шарт.
ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ҳам фаолларга муносабатни “камситувчи ва мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб баҳолади. У Бен-Гвирнинг ҳаракатлари демократик давлат мансабдорига муносиб эмаслигини таъкидлади.
АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби флотилия иштирокчиларининг ҳаракатини “аҳмоқона акция” деб атаган бўлса-да, Бен-Гвир “ўз миллатининг қадр-қимматини ерга ургани”ни билдирди.