Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2025-2026 ўқув йили якуни муносабати билан «Юксак маърифатли авлод — Учинчи Ренессанс пойдевори!» шиори остида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ташкил этиш белгиланди. Бу ҳақида Таълим-хабарлари Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, шу йилнинг 18 май куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Умумий ўрта таълим муассасаларида 2025-2026 ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ташкил этиш тўғрисида»ги хати имзоланган.
Вазирлик тавсиясига кўра, тадбирларни ўтказишда ўқувчиларга яратилаётган шароитлар ва уларнинг эришаётган ютуқларини битирувчиларга содда ва тушунарли тарзда етказиш, намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиган ўқувчиларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, ўқувчиларнинг ота-оналари «Энг фаол ота», «Жонкуяр она», «Масъулиятли ота-она» каби номинациялар ҳамда «Миннатдорчилик хат»лари билан тақдирланиши белгиланган. Тадбирларни хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда мактаб ҳовлисидаги соя-салқин ва очиқ майдонларда ташкил этиш, ўқувчилар томонидан автотранспорт воситаларини бошқариш ҳолатларининг олдини олиш вазифалари топширилган.
Маълум қилинишича, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари жорий йилнинг 25 май куни эрталаб соат 8:00 дан 9:00 гача ўтказилади. Бундан ташқари, 25-30 май кунлари барча ҳудудларда «Хайр боғча — салом мактаб!» шиори остида мактабгача таълим ташкилотлари битирувчилари учун байрам тадбирлари ташкил этилади.