Россиянинг «Агентство» нашри Москва ФҲДЁ идорасидан сиздирилган ҳужжатларга таяниб хабар беришича, Владимир Путиннинг кичик қизи Катерина Тихонованинг бир ярим ёшли ўғли отасининг фамилиясини олмаган.
Ҳужжатларга кўра, Тихонова 2025 йил 15 август куни Москвада ўғил фарзанд кўрган. Боланинг исми Адриан Игоревич Тихонов деб қайд этилган.
Боланинг отаси фамилияси ўрнига онасининг фамилияси берилганига, эҳтимол, Украина президенти Владимир Зеленский билан боғлиқ ноқулай ўхшашликларнинг олдини олиш сабаб бўлган.
«Агентство» маълумотларига кўра, боланинг отаси эҳтимол Украина президенти билан фамилияси бир хил бўлган балетмейстер Игорь Зеленскийдир.
Қизиғи шундаки, Катерина Тихонова ва Игорь Зеленскийнинг Эльза исмли қизи 2017 йилда туғилганида отасининг фамилиясини олган. Бироқ кейинчалик у онасининг фамилияси кўрсатилган паспорт билан сафар қилган.
У 2016 йил августидан 2022 йил апрелига қадар Бавария давлат балетининг бадиий раҳбари лавозимида ишлаган. Украинага қарши уруш бошланганидан кўп ўтмай, шахсий сабабларга кўра лавозимини тарк этганини маълум қилган.
Тахминларга кўра, жуфтлик бир неча йил давомида Москва ва Мюнхен ўртасида қатнаб яшаган. Spiegel нашрининг суриштирувларига кўра, улар баъзан умумий фарзандлари учун ёлланган энага, қўриқчилар ва махсус хизмат ходимлари ҳамроҳлигида сафар қилган.
Путиннинг неча нафар невараси борлиги аниқ маълум эмас.
Очиқ манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, унинг катта қизи Мария Воронцованинг камида икки нафар ўғли бор. Улар 2012 ва 2017 йилларда туғилган.
Катерина Тихонованинг эса Эльза ва Адриан исмли икки фарзанди бор.
Бундан ташқари, Кремль раҳбарига никоҳдан ташқари туғилган камида уч нафар фарзанд ҳам нисбат берилади.