Россия Президенти Владимир Путин хавфсизликни таъминлаш мақсадида давлатлар ижтимоий тармоқлар фаолиятига таъсир ўтказиши зарурлигини баён этди. У ўз фикрини асослаш учун Франциядаги оммавий эътирозларни мисол қилиб келтирди — у ерда юз минглаб одамлар турмуш даражаси пасайиши ва нархлар ошишига қарши кўчаларга чиқмоқда.
Москвадаги «Россия — Африка» саммитига ташриф буюрган африкалик вакиллар олдида чиқиш қилар экан, Путин Франция расмийлари ҳам йирик шаҳарларда содир бўлаётган воқеаларга ижтимоий тармоқларнинг таъсирини қайд этаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, давлатлар интернет-платформалар фаолиятига қандай таъсир ўтказиш ҳақида биргаликда ўйлаб кўришлари керак. Бироқ РФ президенти аниқ чора-тадбирларни тилга олмади.
Ушбу баёнот Роскомнадзор 14 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш таклифини илгари сурганидан бир неча кун ўтиб янгради. Давлат Думасининг ахборот сиёсати қўмитасига юборилган қонун лойиҳаси вояга етмаган фойдаланувчиларни мажбурий идентификация қилиш ва уларнинг интернетда бўлиш вақтини чеклашни кўзда тутади.
Роскомнадзор ушбу ташаббусни болаларни тақиқланган контентдан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади. Идора вакили Валерия Черетских регулятор ўзи деструктив деб ҳисоблайдиган сиёсий ва бошқа материалларни мустақил равишда тўлиқ блоклашга қодир эмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, тақиқланган ахборот тарқалишини чеклаш масъулиятини платформаларнинг ўзи кучайтириши лозим.
Таъкидлаш жоизки, Cloudwards компаниясининг интернет эркинлиги рейтингига кўра, Россия 100 имкониятдан атиги 4 балл тўплаб, Эрон, Хитой ва Пакистан билан бир қаторда дунёда охиргидан олдинги ўринни эгаллаган. Ундан пастда фақат нўл кўрсаткич билан Шимолий Корея жойлашган. Тадқиқотчилар Россияда йирик халқаро платформалар, мессенжерлар ва мустақил ОАВ тизимли равишда блокланаётгани ёки уларга кириш чекланаётганини алоҳида қайд этишган.