Бугун 23 апрель, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Президент чарчайдими? Чарчаса, нимадан куч олади? (охиригача ўқинг)

Президент чарчайдими? Чарчаса, нимадан куч олади? (охиригача ўқинг)

Кортежда кетяпмиз. Президент кортежида. Иккита “Спринтер” тўла журналист, репортёр, оператор, блогер. Орқада ўтирибман, деб ёзади Микрофон кўтарган аёл.
- Азиза, нима бор?
- Ҳалиги узумчи амакининг уйидан олинган нон бор.
- Узатинг.
Олдиндаги ҳамкасбларим нонни олади. Ўзаро муҳокама бошланади: “...синдирибди-а узум етиштиришни. Яна бу ҳали Олтиариқмас, Қўштепадаги уй. Узумнинг орасида битта чиригани йўқ. Бозорда нечпул экан-а шу бир бош узум?”

Ҳозиргина президент кириб чиққан хонадон ҳақида нимадир қоралаш учун телефонимни ёнимдан қидираман. Топилмайди. 8 кглик рюкзагимни очаман. Ноутбук, 2 та планшет, ҳар хил зарядкалар... Минералка, колбаса, печеньелар ва яна бир дунё ашқол-дашқоллар ҳам рюзкакдан чиқади. Оббо, телефоним қани?
Нариги спринтерда қолдирибман.

Иш кўплигидан тушликка вақт қизғонилади. Тамадди қилиш учун нима қўлимизга тушса, сумкаларга солиб оламиз. Президент одатда тушлик қилмайди. Сайлов кампаниясидан аввал ҳам ташрифларда юриб, бирор марта тушликка алоҳида соат ажратилганини кўрмаганман. Давлат раҳбари “одамлар кутиб қолади, мен иш билан келганман” деб кўпроқ жойга бориш, кўпроқ одам билан суҳбатлашишга ҳаракат қилишини биламан. Бир кунда 5-8 тагача объектга борилишига гувоҳман. Бир объект вилоятнинг у боғида бўлса, иккинчиси у тоғида жойлашган. Шунчаки ҳеч иш қилмасанг ҳам йўлнинг ўзи одамни тўкиб қўяди. Баланд пошна туфлилар билан хайрлашиб бўлганмиз. Ҳамкасблар ёппасига кроссовкага ўтиб олганмиз.

Бу одатий манзара. Президент ортидан юрганда, югуриб ҳам етолмайсан. Дақиқалар ғаниматлиги учун шошганда гоҳ у машина, гоҳ бу машинага чиқиб қоламиз.

Кортеж ҳар хил йўлдан юради. Кечагина асфальтланганидан ҳам, ўйдим-чуқуридан ҳам. Чанг кўчалар, лой кўчалардан ҳам. “Асфальт янги экан” дейман ойнадан қараб. Президент буниям гапиргани эсга тушади: “Нега мен биров йиллаб йўқлаб бормаган жойларни танлайман? Президент келса, одамларга ҳеч бўлмаса, йўл келади. Президент пастга тушса, шу баҳона ҳамма “каттаконлар” ҳам қишлоққа келади. Мен буларни биламан, алдашнинг ҳожати йўқ, пала-партиш эмас, сифатли йўл қуринглар” .

Одатда президент кортеждан ёки вертолётдан тушгач, дарҳол ўзи кузатган теварак ҳақида гапиради. Масалан, бир гал Тошкент вилояти устидан вертолётда учиб ўтиб “катта ерлар қақраб ётибди, одамларнинг катта томорқалари бўм-бўш, чўп cуқса ҳам унадиган жойку, экин экса оиласига фойдаку” деб куйинганди. Ўтган ҳафта эса биз журналистларга Бўзатовнинг дарахтларини учини кўрсатиб, “Бўзатовда тупроқ cоз, дарахтларининг илдизи тозалигини теракнинг барглари тўкилса ҳам энг учи яшил бўлиб турганидан билса бўлади, кўрдиларми” деди. Кеча эса пахта кластерида бўлиб, яна журналистларга кўп армонини очиқ айтди:

- Мени жуда қийнаган бу пахта. 100 йил манфаат олиб келмаган шу пахта билан яшадик. Халқимиз пахтани деб алданди. Давлат буюртмасини бекор қилиб, хусусийга берганимиз сабаби ҳам шу. Фермер манфаат бўлса пахта эксин, бўлмаса ўзига фойда келтирадиган, иқтисодга фойда бўладиган бошқа экин билан шуғуллансин. Ҳеч қандай тўсиқ йўқ ҳозир. 1997 йилда Исроилга пахта етиштиришни ўрганиш учун бориб кўрганман. Пахтани теради-ю зум ўтмай чигитини мой қилади, компьютер тола-ип қилади. Ҳозир гаплашганим- “Нетафим” компаниясини ўша вақтдаёқ ўзимизга олиб келмоқчи бўлганман. Булар камида 70 центнергача пахта етиштирарди. Аммо бу компания давлат буюртмаси билан ишламасди-да. Бизнинг техникалар ишлатилгач, очиқда ётишини кўриб, cувдан умуман нотўғри фойдаланганимизни кўриб, “бўлмайди” деб ортига қараб кетишган. Мана ҳозир шу компания ёрдамида кластернинг ўзи пахтани томчилаб суғоряпти, шу шлангнинг нуқтасидан ҳар бир кўчатга калийси, минерали ҳам тушиб, сувни увол қилмасдан Фарғонанинг чўл зонасида 10 центнер ҳам пахта чиқмайдиган ерида 45 центргача ҳосил оладиган қилди. Пахта хомашёмас, тайёр маҳcулот бўлиб фойдага киради. Қилса бўлар эканку!

Хорижлик мутахассис ҳам президентнинг гапини тасдиқлайди. Бу ерда пахтани бўлиқ қилиб етиштирилганини “this is a fantastic result” дейди.

Мен, умрида пахта териб кўрмаган Қурбонова, эслайман: 1 кг пахта учун минг марта эгилиб-энкайиш кераклигини Шукур Холмирзаевда ўқигандим, пахтани деб ариқларда шўр сув ва пестицидлар оқиб, пахтани деб авлод, таълим ва Орол майиб бўлганини биламан. Бу эшитган гапларим фақат. Пахта ҳақидаги гапларни азобини чекканлар яхшироқ ёзади ва тушунади...

Ҳали ҳаммаси зўр бўлиб кетмаганини ҳам президент ҳам айтади. Фермерларнинг ҳаммаси ҳам кластер деган дунё учун оддий тизим, биз учун алламбало билан тил топишганича йўқ, кластер ва фермерлар ўртада ихтилофлар чиқиб туришини ўзим ҳам ўқиб қоламан. Пахта ислоҳоти ҳали охирига етмаган, дейди президент. “Илм олиб кирмагунимча, қишлоқ хўжалигига бозор иқтисодиётини олиб кирмагунимча тинчимайман”, деб қўяди орада.

Ҳув ўша февралда Наманганга келганда президентдан атай сўраб олгандим: “илтимос, журналистлар билан тез-тез мулоқот қилиб турсангиз”... Президент ўшандан бери ваъдасида турибди, ҳар ташрифда вақт ажратади. Кайфиятимиз, нималарни кўрганимизни сўрайди, у ёки бу ишдан мақсадини тушунтиради. Биз журналистлар ҳам қизиқ манёврларни ўрганиб олганмиз. Ҳаммамиз алоҳида тарқалмай, бир жойга жам бўлиб олсак, раҳбар бефарқ ўтиб кетмайди: “ўўў команда шу ердаку” деб албатта тўхтайди ва камида 15 дақиқа суҳбатлашади. Шундай пайтларда ҳар сафар ўзим ичимда айтаман: “қилса бўлар эканку!”

Чунки, “Президент Пули” (аккредитациядан ўтган турли ОАВ вакиллари гуруҳи)даги журналист бўлиб ҳам 1 чақирим наридан туриб ёки хонага киргазиб юборилган ҳолатда давлат раҳбари айтган гапларни эшитмай эфирга материал тайёрлаган пайтларимиз бўлган. Яъни, журналистлар бундай масофада ва мулоқотда аввал ҳеч қачон ишламаган. Очиғи, президент мулоқот қилаётганда тв журналистлари лавҳаси учун стендапини ёзиши ҳам фантастика эди. Ёзишга уяламан, аммо шундай бўлгани рост. Ҳозир эса энг зўр ракурсни танлаш-каналлар ўртасида рақобат. Атрофдагиларнинг “президент ишлаяптими, журналист ҳам ўз вазифасини бажариб юрибди-да” деган қарашларига етиб келганимиз учун минг шукр.

Ҳа-я кортежда кетаётгандик. “Севимли”нинг мухбири Жаҳонгир Олимов илтимос қилиб қолади: “Ўртоқлар, 2 дақиқа тинчлик бўлиб турса, наговоримни ёзиб олсам”. Қий-чувимиз тинади, “Спринтер” силкина-силкина аэропорт томонга шошилади. Жаҳонгир эфир учун телефонда ўз овозини ёзишни бошлайди: “Шавкат Мирзиёев 28 cентябрнинг ўзида Фарғона вилоятига сафарини якунлаб, Андижон вилоятига жўнаб кетди. Жаҳонгир Олимов, Санжар Шермуҳаммадов, “Замон” дастури учун”. “Ва бир гуруҳ жим ўтириб турган журналистлар” дейман чарчаган бўлса-да машинанинг ўзида лавҳасини монтаж, мақоласини таҳрир қилиб кетаётган ҳамкасбларимга кулгу улашиб))

Шавкат Мирзиёев учиб кетади. “Фарғонанинг ўзида минг киши билан учрашди-ёв, қандоқ чарчамас экан” дейман ичимда.

Ҳа-я, журналист Гулноза Ҳусанова кеча президентдан шуни сўраб олди: “Шавкат Миромонович, 2 ҳафтадан бери сизга ҳамроҳ бўлиб юрибмиз. Ҳаммамизда шу савол: президент ҳам чарчайдими? Чарчаган пайтларингизда нимадан куч оласиз?”
Жавоб қандай бўлди, дейсизми? Видеода кўринг.

Киритилди: 09:56 29.09.2021. Ўқилди: 4180 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!