Давлат бошқаруви тизимида ҳар бир органнинг ваколати ва ҳуқуқий мақоми қонун билан аниқ белгиланиши ҳуқуқий давлатнинг асосий талабларидан биридир.
Шу нуқтаи назардан, Сенат томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг маъқулланиши давлат бошқарувини институционал жиҳатдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Бугунга қадар Президент Администрацияси фаолияти асосан Президент фармонлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинаётган эди. Эндиликда эса мазкур институтнинг ҳуқуқий мақоми Конституциявий қонун билан белгиланмоқда.
Муҳим жиҳат шундаки, қонун Президент Администрациясига янги ваколатлар бермайди. Аксинча, мавжуд ваколатларни қонуний асосга ўтказади, уларнинг чегараларини аниқ белгилайди ҳамда ҳуқуқий аниқликни таъминлайди.
Президент Администрацияси Президентнинг Конституцияда белгиланган ваколатларини амалга ошириш учун ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан хизмат қилади. Унинг мақомини қонун даражасида белгилаш давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишида АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия ва Қозоғистон тажрибаси ўрганилди. Бу мазкур институт фаолияти кўплаб давлатларда ҳам алоҳида ҳуқуқий асосга эга эканини кўрсатади.
Шунингдек, қонун муҳокамаси Сенатнинг расмий интернет платформалари орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилди ва сенаторлар томонидан кенг муҳокама қилинди. Бу қонунчилик жараёнида очиқлик ва ошкоралик тамойилларига амал қилинаётганининг яна бир кўринишидир.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши фақат Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақомини белгилаш билан чекланмайди. Бу давлат бошқарувини янада тизимли, ҳуқуқий ва замонавий асосда ташкил этишга қаратилган навбатдаги муҳим институционал ислоҳот ҳисобланади.