Бундай тахминлар АҚШ разведкасининг янги ҳисоботларида мавжуд, деб ёзади The Wall Street Journal.
АҚШ разведкасига кўра, Россия томондан тажовузкор ҳаракатлар 2026 йил кузидан 2029 йилга қадар бўлган оралиқда кузатилиши эҳтимоли мавжуд.
Вашингтон шу пайтгача Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда Путин NATO билан можарода кескинлик келтириб чиқармайди, деб ҳисобларди. Бироқ, энди баҳолар ўзгарган: таҳлилчиларнинг фикрича, Россия-Украина урушида кўзга кўринадиган муваффақиятлар йўқлиги фонида Россия президентига қандайдир сезиларли ғалаба керак. The Wall Street Journal'нинг ёзишича, “бурчакка сиқиб қўйилган Путин янада хавфлироқ бўлиб қолиши мумкин” деган хавотирлар бор.
"АҚШ разведкаси томонидан кўриб чиқилаётган эҳтимолий таҳдидлар кўлами даражасига кўра ўзгариб туради – киберҳужумлар ёки бирор бир ҳудудни босиб олиш учун диверсантлар юборишдан тортиб, NATO'нинг шарқий қанотидаги мамлакатлардан бирига чекланган тарзда бостириб киришгача. Охирги сценарийнинг эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда, бироқ вақт ўтиши билан эҳтимол ортиб боради", дейилади мақолада.
Америкалик расмийларнинг фикрича, эҳтимолий ҳужумдан мақсад алянсни парчалаш бўлиши мумкин. Кенг кўламли босқин NATO Низомининг Жамоавий мудофаа тўғрисидаги бешинчи моддасини ишга туширишга сабаб бўлади, аммо гибрид ҳужумлар ёки киберҳужумлар амалга оширилган ҳолатлар учун алянсда аниқ белгиланган ҳаракат режаси йўқ. Масалан, Путин АҚШ бундай ҳолатда иттифоқчиларга фақат чекланган ёрдам кўрсатиши мумкинлигига умид қилиши мумкин.