Маълум қилинишича, амалиёт Озарбойжон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилган контрразведка тадбирлари доирасида амалга оширилган. Террор режалари доирасида бир нечта муҳим объектлар, жумладан Боку-Тбилиси-Жейҳан нефт қувури, Исроил элчихонаси, яҳудий жамоаси раҳбарларидан бири ҳамда Ашкеназий синагогаси нишонга олиниши режалаштирилган.
Тергов маълумотларига кўра, портловчи моддалар Эрон фуқаролари томонидан маҳаллий шериклар ёрдамида мамлакатга яширин олиб кирилган. Бокунинг Сабоил туманидаги Шихов ҳудуди яқинидан 7,7 килограммдан ортиқ С-4 портловчи модда топилган. Шунингдек, Қорадоғ туманида масофадан бошқариладиган портловчи қурилма ҳам аниқланган. Амалиёт натижасида бир нечта гумонланувчилар қўлга олинган.
Озарбойжон расмийлари бу операция ортида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига алоқадор шахслар турганини билдирган. Улардан бири — полковник Али Асғар Бордбар Шерамий асосий ташкилотчилардан бири сифатида кўрсатилмоқда. Бир нечта эронликлар халқаро қидирувга берилган.
Бу хабар Эроннинг Озарбойжонга дронлар билан ҳужум уюштиргани ортидан янгради. Ҳужум оқибатида тўрт нафар тинч аҳоли жабрланиб, Нахичевон халқаро аэропорти ва яқин атрофдаги мактабга зарар етган. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев буни террорчилик ҳаракати деб баҳолаб, мамлакатга қарши ҳар қандай янги ҳужум “темир мушт” билан жавоб қайтарилишини таъкидлаганди.