Бугун 30 апрель, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Деновдаги қотиллик юзасидан 4 киши қўлга олинди

Деновдаги қотиллик юзасидан 4 киши қўлга олинди

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ота ва болани калтаклаб, улардан иккинчисини ўлдириб қўйган тўрт киши қўлга олинди.

Сурхондарё вилояти ИИБ расмий ахборотида айтилишича, ҳодиса 27 апрел куни Денов шаҳри Боғишамол маҳалласидаги автомобил ювиш шохобчаси олдида юз берган.

Маълум бўлишича, 56 ёшли ота А.У ва унинг 32 ёшли ўғли А.А.ни пул олди-бердисида олдиндан ўзаро зиддиятда бўлган 37 ёшли жияни Қ.Ш уч нафар шериги – 30 ёшли Т.Ш, 29 ёшли Х.Ш ҳамда 30 ёшли Т.Ш билан бирга уриб, дўппослаган.

Улар А.А.ни Gentra’га ўтқазиб воқеа жойидан олиб кетишган. У оғир тан жароҳатлари билан шу куни шифохонага ётқизилган. Уни бу ерга ким ташлаб кетгани очиқланмаган.

Аммо А.А кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан орадан 1 кун ўтиб – 28 апрел куни вафот этган.

Вилоят ИИБ дастлаб ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «к» ва «э» бандлари жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ иш ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» бандига қайта малакаланганини маълум қилди. Ушбу моддага кўра, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши қайд этилган.

Ушбу ҳодиса иштирокчилари бўлган жиян ва унинг 3 нафар шериги ушланиб, процессуал тартибда қамоққа олинган.

Киритилди: Бугун 13:05. Ўқилди: 563 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!