Ташаббус Каспий денгизининг саёзлашишига қарши курашиш ва туркий мамлакатларнинг транспорт интеграциясини мустаҳкамлашга қаратилган, деб хабар беради Кazinform.
ADOG компанияси ва Зира халқаро порти Каспий ва Қора денгизни боғлайдиган ер ости туннелини қуриш ташаббуси билан чиқди. Лойиҳага кўра, диаметри 10 метр бўлган, Қора денгизни (Грузия ёки Россия томондан) Каспий денгизи билан боғлайдиган ер ости туннелини қуриш таклиф қилинмоқда.
— Сув сатҳининг табиий фарқи туфайли Қора денгиздан сув насосларсиз, тортишиш кучи билан Каспий денгизига қуйилиши мумкин бўлади, — дейилади компания директори, муҳандис Муса Сулаймоновнинг расмий баёнотида.
Компаниянинг хабар беришича, бу ташаббус Каспий денгизининг сув балансини барқарорлаштиришга қаратилган бўлиб, унинг даражаси сўнгги йилларда тез пасайиб бормоқда. Бу қирғоқбўйи давлатлари, шу жумладан Қозоғистон учун жиддий экологик, иқтисодий ва инфратузилмавий хавфларни келтириб чиқаради.
Компаниянинг таъкидлашича, лойиҳани амалга ошириш атроф-муҳитнинг тўлиқ мониторинги ва биологик хилма-хилликни сақлаш чоралари билан бирга бўлади. ADOG ташаббусни давлат даражасида кўриб чиқишни таклиф қилади.