Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд энергетика салоҳиятини юксалтириш йўлидаги муҳим воқеа — Оқсув дарёсида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан барпо этилган умумий қуввати 24 мегаватт бўлган учта янги гидроэлектр станцияси фойдаланишга топширилди.
Мазкур инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 497-сон қарори ҳамда Президентнинг 2026 йил 1 майдаги «Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-163-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди. Оқсув дарёсининг гидроэнергетика салоҳиятидан оқилона фойдаланиш асосида барпо этилган мазкур объектлар ҳудуднинг энергетик инфратузилмасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Янги гидроэнергетика мажмуаси таркибидан қуввати 6,2 МВт бўлган Работ ГЭС, 7,5 МВт қувватга эга Чаппасуй ГЭС ҳамда 10,3 МВт қувватли Тамшуш ГЭС ўрин олган. Жами 24 МВт қувватга эга ушбу станциялар каскади дарё сувининг табиий энергиясини электр энергиясига айлантириш орқали мамлакатимиз энергетика тизимига қўшимча қувват киритади. Учта ГЭСнинг ишга туширилиши, айниқса, маҳаллий гидроэнергетика имкониятларини тўлиқ ишга солиш ва энергия ишлаб чиқариш манбаларини диверсификация қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳанинг иқтисодий ва экологик самарадорлиги ҳам салмоқлидир. ГЭСлар каскадида йилига ўртача 105,1 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Натижада йилига қарийб 31,5 миллион куб метр табиий газ ҳамда 45–50 минг тонна кўмир ресурсларини тежаш имконияти яратилади. Бу эса анъанавий ёқилғи ресурсларига бўлган эҳтиёжни камайтириш, атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдорини қисқартириш ва экологик барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.
Энг муҳими, Оқсув дарёсида барпо этилган янги ГЭСлар йилига қарийб 44 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Бу каби лойиҳалар аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергиясига бўлган талабини қондириш, ҳудудларнинг энергетик барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади.