"Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп Исроилнинг Эрондаги ядро объектларига зарба бериш ҳақидаги ғоясини рад этишга қарор қилди. Бу қарор АҚШ маъмуриятида бу масала бўйича келишмовчиликлар юзага келганидан сўнг қабул қилинган", деб хабар бермоқда нашр манбаларга таяниб.
Манбаларнинг айтишича, Трамп бунинг ўрнига Теҳрон билан унинг ядровий дастурини чеклаш бўйича музокараларга эътибор қаратишга қарор қилган.
"Исроил май ойида амалга оширилиши режалаштирилган ҳужум режасини ишлаб чиққан. Мақсад Эроннинг ядровий қурол яратиш имкониятини бир йилга ёки ундан кўпроқ муддатга кечиктириш бўлган. Бу режаларни амалга ошириш учун АҚШнинг ёрдами зарур эди, бироқ Трамп маъмуриятидаги айрим мансабдорлар бунга шубҳа билан қаради. Натижада, бир неча ойлик ички муҳокамалардан сўнг Трамп музокаралар йўлини танлади", деб ёзади Тhe New York Times.
Аввалроқ АҚШ ва Эрон вакиллари Уммонда музокаралар ўтказган эди. Музокараларнинг иккинчи босқичи 19 апрел куни Римда бўлиб ўтиши кутилмоқда.